18:48 / 04.12.2018
37604

Қува туманида электропоезд Damas’ни уриб юборди. Қурбонлар бор

Kun.uz мухбири Фарғона вилояти, Қува тумани ҳудудида поезд ва Damas русумли автомобиль тўқнашгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди.

Фарғона вилоят ИИБ, ЙҲХБ томонидан берилган маълумотга кўра, 3 декабрь соат 8:15ларда Қўқон локомотив депоси машинисти Н. Қўчқоров бошқарувидаги 6312 сонли шаҳарлараро «Қўқон-Андижон-Марғилон» йўналишидаги 6та вагон уланган электропоезд «Охунбобоев-Қува» темир йўли ҳудудида ҳаракатланаётган бўлган.

Поезд Қува туман, Гулистон МФЙ ҳудудидаги 279-километр 3-пикетга етганида, йўналишининг ўнг тарафидаги қўриқланувчи темир йўл кесишмасидан ҳайдовчи М. Деҳқонов бошқарувидаги 40W184QA давлат белгисига эга Damas автомобили очиқ шлагбаумдан чиқиб келиб, электропоезд билан тўқнашган.

Поезд автомобилни уриб юбориши оқибатида Damas’даги 8 кишидан 3 нафари ҳалок бўлган ва 5 нафари тан жароҳати олган.

Маълумотларда ҳодиса юз берган пайт темир йўл кесишмасидаги семафорда тўхташ сигнали ёниб тургани, лекин  шлагбаум очиқ бўлгани айтилган.

Top