Жаҳон | 13:59 / 06.12.2018
24567
3 дақиқада ўқилади

Марҳум Туркманбошининг оиласи Берлин сайёҳлик ҳудудида бинолар қурмоқчи

Сапармурод Ниёзов

Туркманистон марҳум президенти Сапармурод Ниёзовнинг оила аъзолари Trockland Group девелоперлик компаниялари гуруҳида акцияларга эга ва Берлиндаги Checkpoint Charlie ёнида бир неча комплекслар қурмоқчи, деб хабар қилмоқда Der Tagesspiegel газетаси.

Нашр маълумотларига кўра, 2006 йилда вафот этган Туркманбошининг беваси, қизи ва набираси алоҳида компаниялар акцияларига эгалик қилади. Унинг куёви Владимир Соколов эса муқаддам Trockland Group’га хусусий шахс сифатида инвестиция киритган, 2014 йилда Россиянинг ВТБ Капитал банки вице-президенти лавозимини тарк этиб, компанияга шерик сифатида қўшилишга қарор қилди. Ҳозир у Trockland Group вице-президенти саналади ҳамда компаниянинг кўп миллионли сармоялари учун масъул.

Таъкидланишича, собиқ президентнинг беваси Муза Ниёзова Trockland XI Charlie GmbH компанияси улушига эгалик қилади, уни ўз куёви Соколовдан совға сифатида олган. Шунингдек, у ўзи ҳамда бошқа акциядорлар акцияларини сотиб юбормагунча, Панков туманидаги Данцингер Штрасседа «Paragon Appartements» қурилиши учун масъул бўлган компания акцияларига эгалик қилган. Расмий ҳужжатларга кўра, Ниёзовнинг беваси Москвада яшайди, у Ниёзов ўлимидан анча олдин у ерга кўчиб ўтган ҳамда Туркманистонга кам борган.

Ирина Ниёзованинг қизи Trockland VII Herzbergstraße компаниясида иштирок этади, унинг акцияларини онасидан совға сифатида олган. У турмуш ўртоғи ва қизи Екатерина билан Лондонда рўйхатдан ўтган. Ўз навбатида, Екатерина Trockland Group компанияси бир қисми бўлган Trockland VI Klosterstrasse 62 фирмасидаги улушга ҳам эга. 

Мақолага кўра, компания совуқ уруши даврида Берлин девори ўтган ва шаҳарнинг шарқий ҳамда ғарбий қисмлари ўртасида ўтказиш пункти бўлган жой - Checkpoint Charlie’да бинолар, квартиралар, Hard Rock меҳмонхонаси ва музей жойлашган иккита катта комплекс қуришни режалаштирилган. Бугунги кунда бу туман Германия пойтахтининг энг қиммат туманларидан бири саналади.

Мавзуга оид