Ўзбекистон | 08:55 / 07.12.2018
13375
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев суд-тиббий экспертиза соҳасидаги камчиликларни маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур соҳа бўйича жойлардаги ҳақиқий аҳвол таҳлили суд-тиббий хизматнинг самарали фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан:

биринчидан, суд-тиббий хизматни бошқариш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди ва бу ҳудудий бюроларни бошқаришда катта қийинчиликларга ҳамда молиявий манбаларнинг номутаносиб тақсимланишига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, фундаментал ва амалий ген-молекуляр, шу жумладан шахсни биологик материал асосида идентификациялаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун зарур ускуналар мавжуд эмас;

учинчидан, суд-тиббий хизмат бўлинмалари марҳумлар жасадини улар илк топилган жойдан суд-тиббий хизмат биносига олиб келиш учун махсус автотранспорт воситаси билан таъминланмаган;

тўртинчидан, суд-тиббий хизмат муассасалари илмий салоҳиятининг паст даражаси суд экспертизаси соҳасидаги фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотлар ривожига тўсқинлик қилмоқда;

бешинчидан, экспертлик фаолиятига инновацион технологияларни жорий этиш лозим даражада амалга оширилмаяпти, эксперт лабораторияларни замонавий эксперт ускуналари билан жиҳозлашда технологик оқсоқлик мавжуд;

олтинчидан, суд-тиббий экспертизаларнинг бугунги ҳолати сифат менежменти ва стандартлаштиришнинг халқаро талабларига жавоб бермайди ва бу тадқиқотларнинг сифатини ошириш ҳамда эксперт хатоларининг олдини олишга ёрдам бермаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суд-тиббий экспертиза бош бюроси Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази этиб қайта ташкил этилганди.

Мавзуга оид