Ўзбекистон | 08:28 / 07.12.2018
6636
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятининг ирригация ва мелиорация тизими яхшиланади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2019–2021 йилларда Тошкент вилоятининг ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш дастури тасдиқланди.

Қайд этилишича, бу Тошкент вилоятидаги экин майдонларининг сув таъминотини янада яхшилаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти 2019 йил ва кейинги йилларда:
  
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Дастурга киритилган ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан Дастурга киритилган ирригация объектларини таъмирлаш-тиклаш; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Дастурга киритилган мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун талаб этиладиган маблағларни белгиланган тартибда ажратилишини инобатга оладилар.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти, Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Дастурга киритилган лойиҳаларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдилар;

йил якунлари билан кейинги йилнинг 20 январига қадар дастур ижроси ва унинг натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига туманлар кесимида  таҳлилий маълумотларни тақдим қилиб борадилар.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, туманлар ҳокимликлари  ҳамда фермер хўжаликлари билан биргаликда мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга доир амалий чора-тадбирлар режасини икки ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид