Ўзбекистон | 20:52 / 08.12.2018
174697
5 дақиқада ўқилади

Хорижга чиқиш паспорти бўйича билишингиз керак бўлган муҳим маълумотлар

Айни вақтда хорижга чиқиш паспортининг жорий этиш масаласи юзага чиқиши билан «фуқаронинг нечта паспорти бўлади»​, деган савол ва мавзу атрофидаги мулоҳазалар кўпчиликни ўйлантирмоқда. 

2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилиши Президентнинг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»​ги Фармонида таъкидланган эди. 

Унда хорижий паспортга доир барча саволларга аниқ жавоб берилган. Масалан, фуқаролар 2021 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда мамлакатдан чиқиши мумкин​. Бироқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун паспортидаги рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатларга кириш учун амалдаги паспорти ҳақиқий ҳисобланмайди. ​

Хўш, хорижга чиқиш учун алоҳида паспортнинг амалиётга киритилишига нима сабаб бор эди?

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи, полковник Санжар Қосимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, хорижга чиқиш паспорти ўзбекистонликларнинг талаб ва таклифлари билан жорий этилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган паспортга эҳтиёж ҳам бунга сабаб бўлди. 

«Унинг амалдаги паспортдан фарқи шундаки, 48 варақдан иборат, ранги тўқ қизил бўлади, чунки ривожланган давлатларнинг паспортлари айнан шу тусда. Бунда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (IKAO)нинг тавсияларига таянилди. Энг қизиқарли томони шундаки, хорижий паспортда юртимиздаги қадимий обида ва қадамжоларнинг тасвири ҳам туширилади. Бу, мамлакатимизнинг туристик имкониятларини кенгайтириш мақсадида қилиняпти. Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати 10 йил»​, - дейди у.

Бундан аввал, янги намунадаги паспортда «миллати» устуни олиб ташланиши ҳам айтилганди. Мутахассис мавзуга оид яна бир қанча саволларга жавоб бериб, фуқаро энди нечта паспортга эга бўлишига ойдинлик киритди.

«Амалдаги биометрик паспорт ўз кучида қолади. Фақат чет элга чиқмоқчи бўлган фуқароларга янги жорий этилган фуқаролик паспорти берилади. Унинг афзаллиги ўзида электрон маълумотларни сақлайди ва бошқа ортиқча ҳужжатларни талаб қилмайди. Кўпчиликда савол пайдо бўлди: хорижий паспорт билан чет элга чиқиб кетаётганда ҳозирги биометрик паспортни топширишимиз керакми? Йўқ, иккала паспорт ҳам шахснинг ўзида сақланади», - дейди у.

Нега амалдаги паспортни хорижга чиқувчи ҳужжат сифатида тан олинмайди?

«Биометрик паспорт талабга жавоб бермаганлиги учун хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий этилди, деган фикр нотўғри. Жаҳон тажрибаси ўрганилганда, ички ва ташқи фойдаланиш учун икки хил ҳужжат юритилади ва бу Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (IKAO)нинг талаби ҳамдир. Биз ҳам халқаро андозаларга жавоб берадиган паспортни жорий этишни мақсад қилганмиз. Бу амалиёт хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштириб, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олади, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтиради, фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида паспорт назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштиради»​, - деб қўшимча қилади полковник Санжар Қосимов​.

Визасиз режим ўрнатилган 9 та МДҲ давлатларига рухсат бериш стикерисиз ҳам чиқиш мумкин. Хорижий паспорт жорий этилса, бу тартиб сақланадими?

Фармонда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан чиқиши мумкин.

Хорижда ўқиш, иш юзасидан юрган юртдошларимизнинг паспортларидаги стикернинг муддати ўтган бўлса, уларнинг хорижда яшаб туриши ноқонунийми?

Йўқ, улар Ўзбекистонга келиб, яна чет элга чиқиб кетаётганларида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришлари мумкин.

Виза талаб қилинадиган мамлакатларга чиқиб кетиш учун айни чоғда хорижий паспорт бўлиши шартми?

Шарт эмас. Агар фуқаронинг паспортида рухсат ёзуви қайд этилган икки йиллик стикерининг муддати ўтмаган бўлса, ана шу муддат якунига қадар хорижга қийинчиликсиз чиқиши мумкин.

Қайси ҳолларда хорижга чиқиш паспорти берилмайди?

Фуқаро устидан жиноий иш очилган ва унинг суд жараёни тугалланмаган бўлса, алимент тўловини амалга оширмаган бўлса ва қонунда белгиланган ҳолларда хорижга чиқиш паспорти бериш рад этилади.

Мавзуга оид