Жамият | 17:58
1170
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчи ЙПХ ходимига паспорт ёки ID-картанинг асл нусхасини кўрсатиши шарт - ЙҲХХ 

1 июлдан бошлаб қатор ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан сўнг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ҳайдовчилар учун амал қиладиган тартибга аниқлик киритди.

Фото: ЙҲХХ

Ижтимоий тармоқларда 1 июлдан эътиборан паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа 15 дан ортиқ ҳужжатларнинг электрон шакли расман тан олиниши, уларни MyGov иловаси орқали тақдим этиш мумкинлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрда қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда ижтимоий карта тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам белгиланган.

Шундан сўнг ЙҲХХ расмий муносабат билдириб, мазкур тартиб йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан йўлда ўтказиладиган текширувларга тўлиқ татбиқ этилмаслигини таъкидлади.

Хизмат маълумотига кўра, ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқараётганда ЙПХ ходими талабига биноан биометрик паспорт ёки ID-картанинг асл нусхасини тақдим этиши шарт.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан 17 турдаги ҳужжатларнинг рақамли сервислари жорий этилган. Унга кўра, мазкур рақамли ҳужжатларнинг қоғоз нусхаси банклар, нотариал идоралар, аэропортлар, темир йўл объектлари ҳамда давлат органларида талаб этилмайди. ЙҲХХнинг таъкидлашича, ушбу тартиб маъмурий амалиёт марказлари, шунингдек, рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимларида ҳам тўлиқ амал қилади.

Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасига асосан, йўлда транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат — паспорт ёки ID-картанинг асл нусхасини тақдим этиши лозим.

ЙҲХХ қайд этишича, ҳайдовчида паспорт ёки ID-карта мавжуд бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, транспорт воситасига эгалик ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, суғурта полиси ҳамда ойналарни қорайтириш учун берилган рухсатномани алоҳида олиб юриш талаб этилмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид