Жаҳон | 10:31 / 08.12.2018
14747
2 дақиқада ўқилади

NASA илк бор Марсдаги шамол овозини ёзишга муваффақ бўлди 

Фото: NASA

Ўтган ҳафта Марсга қўнган АҚШнинг Mars InSight станцияси илк бор Қизил сайёрадаги шамол овозини ёзиб, уни Ерга жўнатишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда NASA директори Жим Брайденстайн маълум қилди. 

“Инсонлар аввал ҳеч қачон Марсдаги шамол овозини эшитишмаган! Mars InSight ёзиб олган Марсдаги шамол овозини тинглаб кўринг”, деб ёзган Брайденстайн твиттерда.

NASA’да таъкидланишича, 1 декабрда станция датчиклари тезлиги 5 м/сониядан 7 м/сониягачани ташкил қилган шамолнинг паст частотали овозини ёза олган. “Миссиямизнинг вазифаларидан бири Марсдаги ҳаракат кўрсаткичларини ўлчашдан иборат”, деб айтган Марсни тадқиқ қилиш дастури раҳбари Брюс Банердт.

Mars InSight станцияси 480 млн км масофани босиб ўтиб ўтган ҳафта Марсга қўнган. У Қизил сайёрага қўнганидан 7 дақиқа ўтиб у ердан сайёрамизга илк фотосуратни жўнатган. 

Яратилишига 828 млн доллар сарфланган автоматик станция 5 май куни Калифорниядаги Ванденберг космодромидан учирилган.

Мавзуга оид