Россия ва Украина. Зиддият илдизи қаерда?
Қачонлардир оға-ини, славянларнинг асоси бўлган икки миллат, икки давлат бугунги кунда ўзаро очиқ урушдан ташқари барча турдаги зиддиятларни бошдан кечирди. Кўпчилик мутахассислар тез орада кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар ҳам бошланишидан огоҳлантиришмоқда. Хўш, аслида қон-қариндош бўлган икки давлатнинг муносабатлари нега бу қадар чигаллашиб кетди?
Икки давлат тарихи
Энг қизиғи, ҳар икки мамлакат умумий тарих – Киев руси билан фахрланади, ўз мафкурасини шу асосда қуради, барча адабиётларида шонли онлар кенг тарғиб қилинади. Украина «Киев руси» деган номнинг ўзиёқ Украина пойтахти билан боғлиқлигини таъкидласа, Россия рус миллатига урғу беради ва Киев азалдан русларники эканлигини даъво қилади. Шунингдек, кўпчилик рус тадқиқотчилари Украина топоними русча «Окраина» шаҳар ёки давлат чеккаси, яъни буюк Русь мамлакатининг четки сарҳади эканлигини сингдиришга ҳаракат қилишади.
Нима бўлганда ҳам мўғул-татар юришлари даврида умумий тарих давомийлигига худди славянларнинг қўшинлари сингари барҳам берилди. Асрлар ўтиб русларнинг ҳокимияти ва асосий кучлари Киев томондан шарқ сари сурила бошлади ва Москва, Санкт-Петербург, Новгород каби шаҳарларда ривожланиш кучайди. Киев ва қатор шаҳарлар Буюк Литва князлиги тасарруфига ўтиб кетди.
Кейинчалик Пётр I ва Екатерина II саъй-ҳаракатлари билан ҳозирги Украинанинг катта ҳудуди Россия империяси таркибига киритилди.
Иттифоқ йиллари
Россия империясининг таназзули, октябрь инқилоби даврида Украинадаги қатор миллатпараст кучлар ўзларининг мустақил давлатларини тузишга уриниб кўрди. Аммо қизилларнинг қўли баланд келиши охир-оқибат бу ҳудудда ҳам иттифоққа бўйсунувчи бир республика тузилиши билан якунланди. РСФСР ва УССР 1922 декабрдан бошлаб айни шу бошқарув шаклида иттифоқ таркибига кирди.
Иттифоқ даврида Украина ишлаб чиқариш, саноат, маданият ривожланган етакчи республикалардан бири бўлган. ЯИМ ҳажми бўйича иттифоқ миқёсида фақат Россия Федерациясидан ортда қолар, бу борада ўша даврларда ҳатто Германияни ортда қолдирадиган республика эди. Аҳоли сони, ҳудуддаги ҳарбий потенциал бўйича ҳам Украина иккинчи ўринни мустаҳкам эгаллаб келарди.
Мустақиллик йиллари
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб иттифоққа дарз кетди, ҳамма республикалар бирин-кетин мустақиллик эълон қила бошлашди. Украина ҳам 1991 йилнинг 24 августида ўз мустақиллигини эълон қилди.
Россия билан 1992 йилнинг 14 февралида дипломатик алоқалар ўрнатилди ва ҳар икки давлатда элчихона ҳамда консуллик бўлимлари очила бошланди. 1997 йилнинг 31 майида икки давлат президентлари Борис Ельцин ва Леонид Кучма томонидан мунтазам узайтириб бориш кўзланган «Дўстлик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисида» шартнома имзоланди. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, ҳозир амалда бўлган бу шартнома Украина раҳбарияти томонидан узайтирилмаслиги эълон қилинган ва унинг муддати 2019 йилнинг 1 апрелида якунига етади.
Маълумот учун: Иттифоқ тарқалаётган бир пайтда Украина ҳудудида ҳам СССРнинг стратегик қуроллари жойлашган эди. Аммо Россия ўзини СССРнинг вориси деб эълон қилиши, собиқ иттифоқнинг барча қарзларини тўлашни зиммасига олгани ортидан СССРнинг республикалардаги барча умумий мулклари сингари бу қуроллар ҳам Россия тасарруфига ўтказилди.
Украина мустақилликка эришгани ҳолда ўз мафкурасини тузишга, дўстлик ришталари мустаҳкам бўлсада, украин халқининг руслардан алоҳида эканини тушунтиришга уринарди. Ҳатто президент Леонид Кучма 2003 йилда «Украина Россия эмас» деган жарангдор номли китоб ёзиб чоп эттирди. Буларнинг барчаси Украинанинг ўз йўлини топишга ҳаракат қилишини англатарди.
Замонавий зиддият
2000-йиллардан кейин Украина том маънода икки хил сиёсат, икки йўналишдан бирини танлаш муаммосини бошдан кечирди. Бир тарафда ғарбпарастлар Европа билан ҳамкорликни кучайтиришга уринишса, иккинчи тарафдан анъанавий сиёсат йўлини тутган россияпарастлар эски алоқаларни сақлаб қолишга ва ривожлантиришга ҳаракат қилишарди.
2004 йилда Кучма ваколати тугаганидан кейин президентлик учун курашда айнан мана шу икки йўналишдаги кучлар тўқнашуви кузатилди. Бир тарафдан Виктор Юшенко, иккинчи томондан Виктор Янукович президентлик учун курашди ва бу кураш «майдон» аталмиш митингларга уланиб кетди. Киев ва бошқа йирик шаҳарлар тартибсизликларга ичида қолди, сайлов натижаларидан норозилар ҳамма жойда тўполон кўтаришди. Охир оқибат сайловлар қайта ўтказилди ва унда ғарбпараст Виктор Юшенко ғалаба қозонгани эълон қилинди. Янукович мухолифатга ўтди.
Айнан ўша пайтларда Россия билан зиддиятнинг янги саҳифаси очилди – газ муаммоси туғилди. Шу пайтгача Украинага имтиёзли баҳода газ етказиб бераётган Россия нархларни кескин оширди. Украина эса осон йўл тутди – ўз ҳудудидан ўтиб Европа сари кетаётган қувурлардан рухсат сўрамай зангори олов ола бошлади. Натижада Европанинг кўплаб ҳудудларига Россия гази бормай қолди ва бу халқаро можаро кўтарилишига сабаб бўлди. Узоқ тортишувлардан кейин муваққат келишувга келинган бўлсада, кейинчалик ҳам газ нархи ва транзити бўйича баҳслар давом этди.
Қрим муаммоси
Юшенко президентлик даврининг сўнгги йиллари ўта омадсиз кечди ва унинг рейтинги кескин пасайиб кетди. Навбатдаги сайловда Янукович ғалаба қозонди. Аммо у ҳам мамлакатни иқтисодий бўҳрондан олиб чиқа олмади. Бу йўлда ҳатто Россиянинг улкан кредитлари ҳам фойда бермади. 2013-2014 йилларда мамлакат бўйлаб амалдаги президентга қарши намойишлар бошланди. 2014 йилнинг 22 февралига келиб Рада томонидан Янукович президентликдан четлаштирилди. У ўз ҳаётида хавфсираб зудлик билан Россияга жўнаб кетди ва шу давлат ҳудудидан туриб Украинадаги барча сиёсий жараёнлар ноқонунийлигини, ҳақиқий президент айнан ўзи эканини таъкидлай бошлади.
Айни шу кунларда ҳар бир сиёсатчи ўзича шарҳлайдиган, турлича баҳолайдиган воқеа содир бўлди – Россия федерацияси, хусусан президент Путин ўзининг шахсий ташаббуси билан Қрим яримороли ва Севастополь шаҳрини Россия таркибига қўшиб олди.
Россияга қаршилар Путиннинг бу ҳаракатини оккупация, ноқонуний ҳаракат, халқаро ҳуқуқларнинг қўпол тарзда бузилиши деб ҳисобласа, тарафдорлари Қрим азалдан Россия мулкилиги, Украинага вақтинча берилганини, қолаверса қўшиб олиш махсус референдумга кўра аҳоли розилиги билан амалга оширилганини таъкидлашарди.
Холис экспертлар Россиянинг бу ҳаракатини Украина бошқарувига ғарб, хусусан АҚШга бўйсунувчи кучлар келаётгани, ички тартибсизликлар, заиф бошқарув туфайли Путиннинг шу тарзда ўч олиши деб баҳолашди. Умуман, Қрим мавзуси 4 йилдирки узлуксиз тортишувларга сабаб бўлмоқда ва энди бу баҳслар жуда узоқ давом этиши шубҳасиз.
Халқаро ҳамжамият, хусусан Евроиттифоқ ва АҚШ Россияга қарши санкциялар киритди ҳамда киритишда давом этмоқда, Украинани қўллаб-қувватлашга уринмоқда. Аммо бу чекловларнинг бирортаси Қримни қайтариб олишга кифоя қилмади, Россия ўз фикридан қайтмади, аксинча, яриморолни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга киришиб кетди.
Керч бўғозидаги тўқнашув
Сўнгги кунларда кузатилган бу тўқнашув охирги йиллардаги зиддиятнинг оддий инъикоси, ҳар бири ўз нуқтаи-назари бўйича ҳақ бўлган томонларнинг ўзига хос қарашлари орасидаги тафовут холос. Сабаб, Керч бўғозини ўзиники ҳисоблайдиган Украина ҳарбий кемаларини шу ҳудуддан ўтказишга уринган бўлса, аллақачон ўзиники деб биладиган Россия эса уларни ўтказмади ва камига барча кемаларни ҳарбий экипажи билан қўлга олди.
Бу тўқнашув ортидан азалдан давом этиб келаётган зиддият янги босқичга чиқди ва томонлар энди нафақат дипломатик чекловлар, балки ҳарбий ҳаракатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юрита бошлашди.
Келажак бўйича тахминлар
Гарчи Украина раҳбари Порошенко НАТО ва АҚШ кўмагига ишониб ҳарбий ҳаракатларга тайёрлигини таъкидлаётган, ҳатто мамлакатда уруш ҳолати эълон қилган бўлсада, икки томоннинг очиқ ҳарбий ҳаракатга киришиши эҳтимоли кам.
Бунинг ўзига яраша сабаблари бор:
1. НАТО ёки АҚШ иқтисодий ва сиёсий чоралар кўриши аниқ. Лекин Украина туфайли Россиядек ядровий давлат билан очиқ зиддиятга киришиши мантиққа тўғри келмайди;
2. Кучлар мутлақо тенг эмас. Украина биринчи бўлиб ҳарбий ҳаракатларни бошлаши Россияга ҳатто ўзига хос имкониятлар ҳам яратади. Чунки Украина ҳарбийларини осонгина янчиб ташлаб, бу ҳудудни энди қонуний эгаллаб олишга замин яратилади ва бу ҳолда энди Россияни айблаш мумкин бўлмай қолади;
3. Ҳар икки томон уруш масаланинг ечими эмаслигини яхши англайди. Қолаверса, замонавий урушлар ҳудудий масалаларга узил-кесил нуқта қўймайди;
Маълумот учун: кўпчилик мутахассислар бу зиддият учинчи томоннинг иши эканлигини таъкидлайди. Чунки Россия ҳудудида 100 миллион нафардан ортиқ рус-украин, Украина ҳудудида 35 миллиондан ортиқ украин-руслар яшайди ва славянлар иттифоқи яратилишига йўл қўймаслик кўпчилик гегемонлар учун жуда муҳим ҳисобланади. Россия ва Украина эса ўзларининг бу ҳаракатлари билан айнан шу режани амалга оширишга замин яратмоқда.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
20:12 / 22.11.2024