Спорт | 09:40 / 08.12.2018
19351
2 дақиқада ўқилади

Санжар Раҳмонов АҚШда навбатдаги ғалабасига эришди

Профессионал боксда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Санжар Раҳмонов Лас-Вегасда навбатдаги жангини ўтказди.

Бугунги баҳсда Раҳмоновга америкалик чарм қўлқоп устаси Жонатан Стил рақиблик қилди. Саккиз раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва ғолиб очколар ҳисобига кўра аниқланди. Тўқнашув якунига кўра ҳакамлар бир овоздан Санжарнинг 77:75, 77:75, 78:74 ҳисобида ғалаба қозонганини қайд этишди.

Маълумот учун, бугун Санжар профессионал боксда 13-маротаба рингга кўтарилди. У ушбу баҳсларнинг 11тасида ғалаба қозонган (5таси нокаут эвазига), бир мартадан дуранг ва мағлубият қайд этган.

Жонатан Стил эса профессионал боксдаги 11-жангини ўтказди. Унинг ҳисобида 8та ғалаба (6таси нокаут) ва битта дуранг мавжуд. Бугунги мағлубият Стил учун фаолиятидаги иккинчиси бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафта ўртасида проф-рингдаги бошқа бир ўзбекистонлик боксчи Муроджон Аҳмадалиев жаҳон чемпионига қарши жанг қилмоқчи экани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, кеча Баҳодир Жалоловнинг навбатдаги жанги муддати ўзгаргани маълум бўлди.

Мавзуга оид