Ўзбекистон | 14:52 / 10.12.2018
28168
4 дақиқада ўқилади

Прописка ва паспорт қоидалари бўйича қонунчиликда қандай ўзгаришлар кутиляпти?

Фото: KUN.UZ

Депутат Расул Кушербаев прописка ва паспорт қоидалари бўйича қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Қонунчилик палатасининг 30 ноябрь кунги ялпи мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқишган. Шу жумладан, 418-сонли Қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланган. 

Қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 223-модда учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг паспортсиз ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши –

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди”.

Энди амалдаги таҳрирга эътибор қилинса, унда “паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши - 

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”, деб белгиланган эди. 

Шунингдек, янги лойиҳа билан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Паспорт тизими тўғрисидаги қонун ҳужжатларини эркинлаштириш, Давлат дастурининг 56-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида жарима миқдорини энг иш ҳақининг 10 ва 15 бараваридан 5 ва 10 бараварига камайтириш таклиф этилган.

Шунингдек, 418-сонли Қонун лойиҳасига асосан Меҳнат кодекси 80-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

“Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин”.

Амалдаги таҳрир эса қуйидагича эди:

“Ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин”, деб белгиланган.

Модданинг кўриб чиқилаётган қисмидаги ўзгартиришлар фуқаронинг пропискаси ёки яшаш жойи бўйича ҳисобда турмагани унинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини чеклаш учун асос бўла олмайди. Бундан ташқари, вақтинча ёки доимий прописка ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда туриш шахсни аниқлашга ёрдам бермайди ёки меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун зарур кўникмалардан далолат бермайди.

Юқоридаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўриб чиқилиб қабул қилинган ва Сенатга юборилган, деб ёзади депутат.

Мавзуга оид