Жамият | 14:00 / 13.12.2018
23638
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд марказидаги мактаб мутасаддилар эътиборидан четдами?

Kun.uz сайтида мамлакатимиздаги таълим тизимидаги муаммолар атрофлича ўрганилиб, мунтазам ёритиб келинади. Айниқса, куз-қиш мавсумида бу каби мурожаатлар янада кўпаяди.

Таҳририятга Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабидаги муаммолар юзасидан келиб тушган мурожаат ҳам айнан шу мавзуда.

«Фарзандим Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олади. Мактаб ачинарли аҳволда. Ҳожатхона ва ошхонага қараб бўлмайди. Синфхоналар совуқ, иситиш тизими ишламайди. Мактабни тозалайдиган фаррошлар учун ҳам ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғилади. Синфхоналар полларини бўяш учун ҳам пул йиғиб олишди. Ҳамма муаммолар ота-оналар ҳисобидан ҳал қилиняпти», – дейилади мурожаатда.

Мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу мактабда айни вақтда 2700 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда. Мактабга собиқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институти (айни вақтда Самарқанд ветеринария медицинаси институти) қошидаги 2-сонли академик лицейи тугатилиб, биноси 2018 йил август ойида мактабга вақтинчалик фойдаланиш учун берилган. Ушбу лицей биносида жорий йилги ўқув йилида мактаб филиали фаолияти йўлга қўйилган.

Мактаб сиғими филиали билан биргаликда ҳисоблаганда 900 нафардан зиёд ўқувчи ўрнини ташкил қилади. Аммо ҳозирда мактабда юқорида айтилганидек, 2700 нафардан зиёд, яъни мўлжалланганидан 3 баробар кўп ўқувчи таълим олмоқда. Дарслар икки навбатда ташкил этилган. Мактабнинг асосий биносида 2 500 нафарга яқин, филиалида эса 300 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда.

«Билдирилган эътирозлар мактабимизнинг асосий биносидаги ҳолатлар бўйича эмас, балки мактабимиз филиалидаги камчиликлар юзасидандир. Лицей биноси жорий йилнинг август ойида мактабимизга вақтинчалик фойдаланишга берилди. У ерда бошланғич синфлар учун филиал ташкил этилган. У ерда 11та бошланғич синф ўқувчилари таълим олмоқда. Бино мактабга вақтинчалик фойдаланишга берилганда жуда абгор ҳолатда эди. Ўқув жараёнига босқима-босқич мослаштиряпмиз. Қисқа муддатда барча муаммоларни ҳал қилиш имконсиз», – дейди мактаб директори Дилфуза Ҳусанова.

Мактабнинг асосий ва филиал биноларини ўқув ишлари бўйича мактаб директори ўринбосари Ориф Муродов билан бирга кўздан кечирдик.

Асосий бинода қозонхона мавжуд, иситиш тизими нормал ҳолатда ишламоқда. Ошхона ва ҳожатхоналар санитария меъёрларига тўлиқ жавоб беради. Бироқ мактабнинг асосий биносидаги спорт зали белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Таъмирталаб, замонавий жиҳозланишга муҳтож ва том қисмида таъбни хира қиладиган каттагина ўйиқлар бор.

Бошланғич синфлар ўқувчилари таълим оладиган мактаб филиалидаги ҳолатлар эса ҳавас қилгулик эмас. Мурожаатда айтилганидек, иситиш тизими умуман ишламайди, ошхонаси ҳам белгиланган талабларга жавоб бермайди. Спорт зали учун ажратилган жой жиҳозланмаган.

Синфхоналарга иситиш учун электр печлар қўйилган.

«Ҳақиқатан мактаб филиалида иситиш тизими муаммо. Яқинда мактабимизга вақтинчалик фойдаланишга берилган ушбу бинодаги кўп муаммоларни ҳал қилдик. Ўқувчилар ота-оналари ўз ташаббуслари билан, фарзандларининг соғликларини ўйлаб, электр печлар олиб берган. Синфхоналарни шу тарзда иситяпмиз. Ҳозирда иситиш тизимини таъмирлаш учун ҳам ота-оналарнинг ўзи ташаббус кўрсатяпти. Шикоятда айтилган фаррошлар учун ота-оналардан пул йиғилиш ота-оналар йиғилишида таклиф сифатида ўртага ташланган. Бир нафар фаррош ишлайди. Айрим ота-оналар фаррошнинг меҳнат кўлами катта, бир нафар фаррошга оғирлик қилади, оладиган ойлик маоши кам, шунинг учун қўшимча пул йиғиб берамиз, дейишган. Аммо биз уларга пул йиғинглар, демаганмиз», – дейди филиалга масъул бўлган мактаб директори ўринбосари Муҳаббат Намозова.

Ҳақиқатан ҳам ўрганиш давомида мактаб филиалига иситиш тизимини ўрнатиш учун елиб-югураётган ота-оналарга ҳам гувоҳ бўлдик.

«Ҳаммасини давлат қилиб берсин, деб жим қараб, кутиб туролмаймиз. Шунинг учун ўзимиз ҳаракат қиляпмиз. Мана, ҳозир яна зарур жиҳозларни олиб келяпман. Бу масала ота-оналар йиғилишида келишилган, аммо ҳаммаси рози бўлиб, яна шикоят қилишганига, очиғи, тушунмадим», – дейди фарзанди 1 синфда таълим олаётган Шавкат Гулямов.

Мактаб филиали ошхонасини кўздан кечирганимизда, бу жойда филиалда таълим олаётган 300 нафардан зиёд ўқувчи учун етарли шароит яратилмаганининг гувоҳи бўлдик. Ошхонада ҳатто музлаткич ҳам йўқ.

«Яқинда иш бошладик. Етарли жиҳозлар йўқ. Имкон даражасида иш юритяпмиз. Ҳозирча ўқувчилар учун фақат «перашка» пиширамиз, ўқитувчилар талабига кўра, таом тайёрлаймиз», – дейди ошпаз Муҳаббат Ҳусанова.

Мактаб мутасаддиларининг фикрича, мактаб филиали учун вақтинча фойдаланишга берилган лицей биноси уларга тўлиқ ажратилиши сўроқ остида ва бу борада ҳали якуний ечим йўқ. Агар ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилса, камчиликлар келгусида босқима-босқич ҳал этилади.

Аммо айни вақтда мактаб филиали ўқувчилари етарли шароитда таълим олмаётгани ва шикоятда келтирилган айрим эътирозлар ўз тасдиғини топгани бор гап. Бу каби муаммоларни ҳал этиш юзасидан Самарқанд шаҳар мутасаддилари, таълим тизими масъуллари зарур чора-тадбирларни кўриши лозим. Барча муаммолар ечими ота-оналар зиммасига қолиши ҳам тўғри эмас. Бу ҳолат юқоридаги каби шикояту эътирозларни кўпайтирса кўпайтирадики, аммо камайтирмайди.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид