Жаҳон | 01:53 / 13.12.2018
3641
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон авиацияси учун 2019 йил даромадли келиши ваъда қилинмоқда

Фото: Reuters

Халқаро авиатранспорт ассоциацияси (IATA) жаҳон авиация соҳаси учун муваффақиятли бўлишини кутмоқда: авиакомпаниянинг соф даромади 9,9 фоизга ошиб, 35,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этади, тушум эса рекорд даражага етади — 885 миллиард доллар, деб ёзмоқда Коммерсантъ.

Бу прогноз ёқилғи нархининг тушиши ва жаҳон ЯИМининг 3,1 фоизга ошиши кутилаётганига асосланган. IATA экспертларининг фикрича, иқтисодий ва сиёсий хатарлар авиакомпанияларнинг келгуси йилги натижаларига жиддий таъсирини ҳам ўтказиши мумкин.

Бу рақамлар Халқаро авиатранспорт ассоциациясининг чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида очиқланган. Шундай қилиб, жаҳон авиация соҳаси кетма-кет ўнинчи йил даромадлиликни сақлаб қолади. Бу эса тарихдаги энг узоқ шундай даврдир.

Авиакомпанияларнинг ижобий молиявий кўрсаткичлари ёқилғи нархларининг пасайиши (масалан, Brent маркали нефтнинг нархи баррелига бу йилги 73 доллардан келгуси йил 65 долларгача пасайиши башорат қилинмоқда), шунингдек, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3,1 фоизга ошиши билан асослантирилмоқда.

Авиайўловчилар сони ҳам 5,6 фоизга ёки 4,6 миллиард кишига ошади. Жорий йилда авиакомпанияларнинг фойдаси харажатларнинг ошиб бориши фонида, аксинча, 2017 йилдаги рекорд кўрсаткич 37,7 миллиард доллардан 32,3 миллиардгача қисқарган. Умумий харажатларда ёқилғи сарфи улуши 2019 йилда 24 фоиз даражасида сақланиб қолади, харажатларнинг ўзи эса рейслар кўпайгани ҳисобига 180 миллиард доллардан 200 миллиардгача ошади.

“Биз инвесторлар учун узлуксиз қўшилган қиймат яратилиш занжири яна камида бир йил давоми этишини эҳтиёткор оптимистларча кутмоқдамиз. Хатарлар ҳам бор, чунки ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий вазият беқарорлигича қолмоқда”, — деган матбуот анжуманида IATA бош директори Александр де Жуньяк.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид