Спорт | 17:51 / 14.12.2018
10297
4 дақиқада ўқилади

Фозил Мусаев: «Рақобатдан чўчимайман»

Фото: Getty Images/Takashi Aoyama

Ўзбекистон терма жамоасининг Туркиядаги йиғинига жалб қилинган футболчилардан бири, Япониянинг «Жубило Ивата» клуби аъзоси Фозил Мусаев ЎФА матбуот хизмати билан суҳбатда жароҳати, Купер қўлостидаги илк йиғин, бўлажак Осиё Кубоги ва у ердаги рақиблар ҳақида фикр билдирди.

Жароҳатидан соғайгани ҳақида

«Жароҳатим туфайли узоқ муддат футбол ўйнай олмадим. Мураккаб тикланиш жараёнини бошдан кечирдим. Лекин бундай ҳолатлар ҳар бир футболчининг қисматида бор. Эндиликда ҳаммаси ортда қолди. Ҳозирда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Клубим таркибида сўнгги учта ўйинда қатнашдим. Иккитасида захирадан майдонга тушган бўлсам, битта ўйинни тўлиқ ўтказдим. Келажакка катта умидлар билан қараяпман».

Терма жамоага чақирилиши

«Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз йиғинига илк бор таклиф олдим. Бор куч ва маҳоратимни намойиш қилиб, мураббийнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқчиман. Ҳар бир мураббийнинг ўз тактикаси ва ўйин услуби бор. Йиғин давомида Купер мендан нима талаб қилаётганини англаб, унинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга ҳаракат қилмоқчиман».

Терма жамоадаги рақобат

«Миллий терма жамоамизда энг кучли чизиқ айнан мен тўп сурадиган ярим ҳимоя чизиғи. Бу чизиқда рақобат жуда кучли. Аммо мен рақобатдан чўчимайман. Рақобатнинг бўлгани яхши. Биринчи навбатда Ўзбекистон терма жамоаси учун бу фойдали. Қолаверса, футболчилар ҳам ўз ўстида кўпроқ ишлашларига тўғри келади».

Осиё Кубоги ҳақида

«Ҳозирда бутун дунёда, шу жумладан, Осиёда ҳам барча терма жамоалар кучайишган. Аввалгидек, осонликча мағлуб этса бўладиган жамоалар қолмаган. Бирлашган Араб Амирликларидаги бўлажак Осиё Кубогига барча катта мақсадлар билан тайёргарлик кўряпти. Ғолиблик учун қаттиқ кураш кечади. Агар астойидил меҳнат қилиб, яхши тайёргарлик кўрсак, менинг фикримча, Осиё Кубогида муваффақият қозона оламиз. Бунинг учун бизда барча нарса бор. Фақат мураббийнинг ақлли тактикаларидан ташқари, футболчиларнинг ўзида ҳам иштиёқ юқори бўлиши керак. Футболчиларнинг ўзлари ҳам ғалаба учун борларини бериб ўйнашлари зарур. Акс ҳолда, мураббий қанчалик кучли бўлмасин, натижага эришиш қийин».
 
Гуруҳдаги рақиблар

«Осиё Кубогидаги гуруҳимиз анча кучли. Япония бутун мусобақанинг фаворити ҳисобланади. Мен Япониядалигимда уларнинг тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишдим. Айтиш керакки, ўз тарихларида 5-марта Осиё Кубогини қўлга киритишга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Япония терма жамоаси бош мураббийининг интервьюсини ҳам кўрдим. Бутун фикр-у хаёли БААдаги мусобақада ғалаба қозонишга қаратилган. Шундай бўлса-да, биз уларга муносиб қаршилик кўрсата оламиз, деб ўйлайман. Агар биргаликда бир мақсад йўлида бирлашсак, албатта натижага эришамиз».

Маълумот учунМусаевнинг клуби «Жубило Ивата» Жей-лиганинг 2018 йилги мавсумида 18 жамоа орасидан 16-ўринни эгаллади.

Худди жамоаси каби Мусаев учун ҳам бу мавсум омадли келгани йўқ: у 6 ўйинда майдонга тушиб, 1та гол муаллифи бўлди. 2017 йилда эса у 31та ўйин ўтказиб, уларнинг барчасида асосий таркибда бўлган ва 4та гол уришга эришган эди.

Фозил 2 январь куни 30 ёшини қарши олади.

Мавзуга оид