Жамият | 18:53 / 17.12.2018
12242
3 дақиқада ўқилади

Ака-ука ворислар низоси ижобий ҳал бўлди  

Бахтберган ва Аннагул Ароловлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзаро турмушларидан беш нафар ўғил фарзанд кўриб, вояга етказишди. Улар ўғилларнинг барчасини уйлантириб, алоҳида уй-жой қилиб беришди, ўзлари эса, 4 хонали уйда кенжа ўғил ва келин билан қолишди.

Албатта, бу дунёда ҳеч кимни боғлаб қўймаган, умрнинг ҳам ниҳояси бор. Юқорида тилга олинган оилада дастлаб она вафот этди. Беш нафар ўғил онанинг 4 хонали уйнинг ярмидан иборат меросидаги ўз улушларидан оталари фойдасига воз кечишди.

Аммо ўғиллар ўртасидаги бу аҳил-иноқлик узоққа чўзилмади, ота вафотидан сўнг улар ўртасида мерос масаласида низо келиб чиқди. Аниқроқ айтганда, оиланинг тўнғич фарзанди бўлмиш ака укасидан меросдан ўзининг улушини ажратиб беришни талаб қила бошлади.

Ўз навбатида, ука отаси уй-жойни васиятнома орқали ўзига қолдирганини важ қилиб, унинг талабини рад этди.

Шундан сўнг ака-ука ўртасидаги низо судгача бориб етди. Олий судда ака-ука ўртасидаги меросга оид низони кўриш жараёнида укага амалдаги Фуқаролик кодексининг 1142-моддаси талаби батафсил тушунтирилди. Яъни ака 2-гуруҳ ногирони, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз фарзанди сифатида мерос мулки бўлган уйнинг отага тегишли қисми - тенг ярмидан васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганлиги боис, уларнинг ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини мажбурий улуш сифатида олиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳамда ака-ука мулк талашиб, ўртадаги қариндошлик ришталарини узишлари инсонийликка хос эмаслиги тушунтирилгач, узоқ чўзилиб келаётган низо келишув орқали ҳал этилди.

Яъни ука акасининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқини тан олди ва бу улушни пулда беришга рози эканлигини билдирди. Ака эса, ўз навбатида, даъвосидан воз кечди.

Энг муҳими, ака-укалар ўртасидаги қариндошлик муносабати сақлаб қолинди.

Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ҳаётда ҳар қандай низонинг қонуний ечими бор. Бундан ҳам муҳими, мерос масаласида ака-ука, опа-сингил, умуман айтганда, ўзаро қариндошларнинг оқибатни ўйлаб, босиқлик билан иш тутиши кўплаб низоларнинг олдини олади. 

Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари.

Мавзуга оид