Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Леванте» – Месси – 0:5. Испанияда тур якунлари
Дам олиш кунларида Испания чемпионатида 16-тур учрашувлари ўтказилди. Бу ўйинларда барча грандлар ўз ўйинларида ғалабага эришишди.
«Леванте» - «Барселона» - 0:5 (0:2)
Голлар: Л.Суарес, 35 (0:1). Месси, 43 (0:2). Месси, 47 (0:3). Месси, 60 (0:4). Пике, 88 (0:5).
«Леванте»: Ойер Оласабаль, Кабако, Постиго (Прцич, 70), Пьер, Хасон, Барди, Кампанья, Моралес, Рочина (Коке, 69), Тоньо, Боатенг (Майораль, 62).
«Барселона»: тер Штеген, Пике, Лангле, Фермален (Артур, 52), Ракитич, Бускетс, Видаль (Коутинью, 78), Жорди Альба, Месси, Л.Суарес, Дембеле (Д.Суарес, 81).
Огоҳлантиришлар: Дембеле, 18. Пьер, 25. Ракитич, 36. Жорди Альба, 45. Хасон, 59.
Четлатиш: Кабако, 76.
Ҳакам: Гонсалес Гонсалес (Испания).
16 декабрь. Валенсия. Ciutat de Valencia стадиони.
«Барселона» учун мотивация
«Леванте» «Барселона» учун камтаргина рақиб эди. Лекин бу сафарги ўйинни кўпчилик кутди. Биринчидан, ўтган мавсумда лигада базўр жон сақлаб қолган бу жамоа бу тур арафасида турнир жадвалида еттинчи ўринда эди («Барселона»дан 9 очко кам жамғарган ҳолда). Иккинчидан, бу жамоа шу мавсумда, октябрь ойи охирида «Сантяго Бернабеу»да «Реал»ни мағлуб этганди (2:1). Учинчидан, каталонияликлар шу йил майида «Леванте»га 4:5 ҳисобида мағлуб бўлишганди (Ўшанда жамоа чемпионлик масаласини ҳал қилиб бўлган ва мавсум охирида бўшашганди)
Каталонияликлар барчасини эътиборга олишган ва реваншга тайёрланишганди.
Чемпионлар лигаси ўйинида «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда дам олган Лионель Месси бу ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди. Аргентиналик футболчининг ўз шахсий натижаси бўйича мақсади бор эди - у бу йилни ҳам камида 50та гол уриш билан якунламоқчи эди (бу ўйин арафасида унинг 2018 йил бошидан бери урган голлари сони 47тага етганди). Бу йилда икки ўйин қолганди ва бунинг назарий имконияти бор эди. У эса бу мақсадига бир ўйиндаёқ етиб қўйди.
Месси шоуси

Ўйин «Леванте»га шу вақтгача ўтказилган 16 ўйинда 16 гол урган Леонинг голи билан бошланмади. Ўйин бошланмасданоқ «Барса» таркибида кутилмаган ўзгариш рўй берди. Машғулот вақтида ҳимоячи Нелсон Самеду жароҳат олди, Вальверде таркибга ҳам, тактикага ҳам ўзгартириш киритишига тўғри келди. Португалиялик футболчи ўрнига Фермален чиқарилди. Ўтган мавсум охиридаги ўйинда (4:5) «Леванте» дарвозасига 3та гол урган Коутиньо ҳамда Артур Видаль захирада қолдирилди. «Барселона» 3-5-2 схемасига ўтди. Майдон эгалари ҳам шу схемада ўйнашди. Мезбонлар ўйин стартидаги 20 дақиқада фаолроқ ўйнашди. «Барса» эса бу вақт давомида рақиб дарвозасига яқинлаша олмади. Ўйиннинг 33-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очиши ҳам мумкин эди, аммо Боатенгга гол уришга дарвозаси тўсини халал берди.
Кейин эса Месси ва Суарес рақибни аяб ўтирмади. Аргентиналик футболчи рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва дарвоза қаршисида бўш турган Суаресни тўп билан таъминлади - 1:0.
Ўтган мавсумдаги 5:4 ҳисобини назарда тутган ҳолда, «Леванте»ни бу гол чўчитгани йўқ. Жамоа яна бир хавфли ҳужум уюштирди, аммо тўп йўлига ётган Пике жамоани қутқарди. Умуман, биринчи бўлимда «Барселона» ҳимоячилари қаҳрамонларча ўйнашига тўғри келди. Фақат ўйин охирида яна Месси катта саҳнага чиқди ва иккинчи голни урди. Майдон марказида тўпни эгаллаб олган Бускетс дарҳол тўпни олдинга ташлади, Месси тезлик олиб, тўпга етиб олди ва рақиб жарима майдонига кириб бориб, хотиржамлик билан дарвозани ишғол этди. Бу аргентиналик футболчининг «Леванте»га қарши 17-ўйинида 17-голни уриши бўлди. Лекин ҳали ҳаммаси олдинда эди.
Бу гол интернетда турли мемларни урчитди. Бу мемлар жаҳон футболи афсоналаридан бири Пеленинг Мессининг имкониятлари ҳақидаги гапига жавоб эди. «Мессини мен ёки Марадона билан қандай қилиб тенглаштириш мумкин? Ахир у фақат чап оёғида зарба бера оладику», деганди ўшанда бразилиялик собиқ футболчи. Месси эса биринчи голини ўнг оёғида урди.
60-дақиқага келиб Месси ҳет-трикни нишонлаётганди. Биринчи бўлим охирида ўтказиб юборилган голлардан кейин «Леванте» ўйинни ташлаб қўйди, иккинчи бўлим бошида жамоа жуда тартибсиз ҳаракатланиб, майдон марказида қўпол хатоларга йўл қўйди. «Барселона»нинг ҳужум гуруҳи эса бу хатолардан унумли фойдаланди.
Ўйинга Пике якун ясаб берди. «Леванте» футболчиларидан бири Кабако майдондан четлатилгач (76-дақиқа), «Барселона» ҳимоячилари ўзини эркин ҳис қилиб, ҳужумда ҳам омадини излай бошлади. 88-дақиқада Пике рақиб ҳимоячиларини алдаб, дарвозабонни ҳам доғда қолдирди. Унга ҳам тўпни Месси етказиб берганди.
Шу тариқа, Месси ўйиндаги 5 голда ҳам иштирок этди ва мавсумдаги голлари сонини 50тага етказди. У 2010 йилдан бошлаб деярли барча йилларда, клуб ва терма жамоа сафидаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда, камида 50тадан гол уриб келмоқда. Биргина истисно – 2013 йилда у 45та гол билан чекланган. Мессининг фаолиятидаги энг яхши натижа 2012 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда Лео йил давомида 91та гол урган эди ва бу жаҳон рекорди ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Валенсияга саёҳатдан кейин Мессининг бу мавсумда урган голлари сони 14тага етди ва тўпурарлар рўйхатида яққол пешқадам. У шунингдек, 10 голга узатма берган ва «гол+пас» тизими бўйича 24 очко ишлаган. Европада ҳозирча ҳеч ким бу борада 20 очколик нуқтага етгани йўқ.
Қолаверса, Месси Ла Лига ўйинларидаги ҳет-триклари сонини 43тага етказди ва бу борада 44та ҳет-трик билан етакчи бўлган Роналдуга деярли етиб олди. Португалиялик футболчи Испанияни аллақачон тарк этгани ҳисобга олинса, Месси шу мавсумдаёқ унинг натижасини яхшилаши мумкин.
«Барселона» ўтган мавсумдаги мағлубият учун реванш олди ва лигада якка пешқадамликни сақлаб қолди. Лионель Месси эса «Олтин тўп»сиз ҳам дунёнинг энг яхши футболчиси!
«Реал»нинг камтар рақиб устидан камтар ғалабаси

«Реал» - «Райо Вальекано» - 1:0 (1:0)
Гол: Бензема, 13.
«Реал»: Куртуа, Серхио Рамос, Марселу, Варан, Карвахаль, Модрич (Вальверде, 90+2), Кроос, Льоренте, Бензема (Винисиус Жуниор, 78), Васкес, Асенсио (Себальос, 71).
«Райо Вальекано»: Димитриевски, Адвинкула, Тито, Гальвес (Ба, 54), Веласкес, Алекс Морено, Имбула, Медран (Бебе, 54), Комесанья, Альваро Гарсия, Эмбарба (Алегрия, 73).
Огоҳлантиришлар: Гальвес, 39. Бебе, 64. Имбула, 83.
Ҳакам: Де Бургос Бенгоэчеа.
15 декабрь. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.
2018 йилдаги охирги тур
Кейинги 3 ҳафтада «Реал» икки марта йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Дастлаб, Эйбарда 0:3 ва кейин Мадридда ЕЧЛнинг охирги тури доирасида ЦСКАга қарши кечган ўйинда шу ҳисоб таблода порлаб турди. Жамоа энди клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олиш олдидан кичик Мадрид дербисида, «Райо Вальекано»га қарши ўйин ўтказди. «Қироллик клуби» халқаро турнирдаги иштироки туфайли кейинги турни ўтказиб юборади.
Ўйиндан аввал «Райо» ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Сантяго Бернабеу»даги охирги ғалабасини эслади. Бу ўйин 1996 йилда бўлиб ўтган, «асаларилар» ўшанда сафардан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишганди. Бу ғалаба жамоа учун тарихий ғалабалигича қолмоқда. «Райо» Мадриддаги охирги 3 ўйинда жами 20та гол ўтказган. Энг ёмони 2015 йил декабрида рўй берган, ўша ўйинда «Райо» 12-дақиқага келиб 2:1 ҳисобида олдинда эди, аммо бир футболчи майдондан четлатилиши барчасини ўзгартирди ва ўйин якунида ҳисоб 2:10 кўринишига келди. Ўша мавсумда «Райо» юқори дивизионни тарк этди ва шундан бери жамоалар лига доирасида ўзаро ўйин ўтказишмаганди.
Модричнинг «Олтин тўп»и

Кейинги 3 йилда учинчи «Олтин тўп» «Сантяго Бернабеу»га келтирилмоқда. Бу сафар унинг соҳиби ўзгарган: Модрич иложсиз ишнинг иложини қилди ва Месси ҳамда Роналдунинг 10 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди. Кўпчилик, совринни аниқлаш бўйича ўтказилган овоз бериш жараёни якунларидан норозилигича қолди, аммо бу хорватиялик футболчидан совринни энди қайтариб олиб бўлмайди.
Бенземанинг голи
«Реал» бу ўйинда майдон эгасидек ҳаракат қилди ва дебютдаёқ ҳисобни очди. Қанотдан жарима майдонига яқинлашиб келган Васкес жарима майдонида қулай вазиятда турган Бенземани топди ва француз ҳужумчиси тўп келиб тушиши биланоқ уни дарвоза тўрига жойлади. Бензема бу мавсум очилмоқда, ўтган мавсумда жами 5та гол урган футболчи бу мавсум ярмида, жамоада инқироз кечаётган ҳолида ундан кўпроқ - 6та гол урди.
Иккинчи бўлимда мезбонлар яна бир гол уришди, аммо Рамос тўпни дарвозага йўллаган вазиятда ҳакам видеотакрор ёрдамида офсайдни қайд этиб, голни бекор қилди.
Трибунадаги ҳуштакбозлик
«Реал» қонуний гол уриши ҳам мумкин эди, аммо Асенсио қулай имкониятларни кўкка совурди. Қўшимча вақтда эса меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга жуда яқин келишди, фақат бу вазиятда Куртуа жамоаси жонига оро кирди. Мадридликлар бу вақтда саросимага тушиб қолишган, трибунада эса футболчилар шаънига ҳуштакбозликлар бошланиб кетган эди. Фақат ҳакам ҳуштаги янграб қолишигина «Реал» 3 очколик бўлишини таъминлади.
Энди «Реал» Ла Лигага 2019 йилда қайтади. Олдинда эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати. Жамоа ўз омадсизлигини эски йилда қолдириши керак.
«Валенсия»нинг навбатдаги дуранги

«Эйбар» - «Валенсия» - 1:1 (0:1)
Голлар: Родриго, 29 (0:1). Шарлес, 56 - пенальти (1:1).
«Эйбар»: Асьер Риесго, Рамис, Хосе Анхель, Пенья, Оливейра, Кукурелья (Де Бласис, 69), Диоп, Хоан Хордан, Орельяна, Серхио Энрич (Эскаланте, 82), Шарлес (Кике, 90).
«Валенсия»: Нету, Гарай, Хосе Гайя, Габриэл Паулиста (Диакаби, 42), Парехо, Васс, Кокелен (Пиччини, 45+1), Солер, Родриго, Черишев (Торрес, 82), Мина.
Огоҳлантириш: Родриго, 78.
Ҳакам: Кордеро Вега (Испания).
15 декабрь. Эйбар. Municipal de Ipurua стадиони.
Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 6-турида «МЮ» устидан ғалаба қозонган (2:1) «Валенсия» ички чемпионатда мавсум стартидаги кетма-кет дуранглар сабабли ҳамон 15-ўринда бормоқда эди. Чемпионлар лигасидаги вазифа уддаланмади, «кўршапалаклар»ни Европа Лигаси йўлланмаси қаноатлантирмайди. Энди бор эътиборни Ла Лигага қаратиш керак.
Майдон эгалари икки тур муқаддам «Ипуруа» стадионида «Реал»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этишган, Эйбарга сафар ҳар қандай жамоа учун қийинчилик туғдириши табиий эди. «Валенсия» бу стадиондаги охирги 4 учрашувда 2 мағлубият ва бир дуранг қайд этган, фақат бир марта ғалаба билан қайта олганди.
«Эйбар» ўйиннинг биринчи бўлимида хўжайинлик қилди. Басклар меҳмонларни жарима майдонига қамаб қўйди, Кукурелья, Жордан ва Орельяна дамбадам рақиб дарвозабони учун хавф туғдириб турди.
«Валенсия» эса камдан-кам ҳужумлардан бирида муваффақият қозонди. Рақиб жарима майдонида ўзига келиб тушган тўпни дарвозага тўғри йўналтирган Родриго ҳисобни очди. Бразилиялик футболчи бўлим давомида яна бир имкониятга эга бўлганди, аммо унинг зарбаси хато кетди.
Меҳмонлар ғалабани сақлаб қола олишмади. Иккинчи бўлимда Гайя жарима майдонида қўли билан тўпни ўйнади ва ҳакам видеотакрор орқали пенальти белгилади. Шарлес зарба беришда адашмади. «Эйбар» ҳақли равишда дурангга эга бўлди. «Валенсия» эса навбатдаги (бу Ла Лигадаги 8-, жами мусобақалар доирасидаги 15-дуранг).
«Атлетико» учликда қолди
Вальядолид – «Атлетико» 2:3
Голлар: 0:1 – 26 Калинич, 0:2 – 45, пенальти Гризманн, 1:2 – 57 Калеро, 2:2 – 63, автогол Сауль, 2:3 – 80 Гризманн.
Вальядолид – Масип, Кико Оливас, Мартинес, Антоньито, Калеро, Алькарас, Мичел (Фернандес, 86), Тони (Суарес, 75), Кеко, Плано (Верде, 84), Унал.
Атлетико – Облак, Савич, Филипе Луис (Парти, 60), Арьяс, Годин, Родри Эрнандес, Коке, Сауль, Корреа (Желсон Мартинш, 75), Калинич (Витоло, 69), Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Плано (23), Тони (27), Кико Оливас (45), Коке (78).

«Атлетико» бу турда сафарда «Вальядолид» билан куч синашди ва 3:2 ҳисобидаги қийин ғалабани қўлга киритди.
Гризманн жамоасига 3 очко олиб берди. У дастлаб Калинични голли пас билан таъминлади ва кейин иккита гол урди. 27 ёшли футболчининг иккинчи голи «матрасчилар» либосида чемпионат ўйинларида урилган 83-гол бўлди.
Эндиликда француз футболчиси «Атлетико»нинг Ла Лига ўйинларида гол уриш бўйича энг яхши тўпурарига айланди. У мадридликлар сафида ўтган асрнинг 70-йиллари охири ва 80-йиллари бошида тўп сурган аргентиналик легионер Рубен Канони ортда қолдирди. Бу натижага эришиш учун Гризманн 159 ўйинда майдонга тушди.
Бу ғалаба эвазига «Атлетико» учинчи ўриндан тушиб кетмади ва иккинчи ўриндаги «Севилья»ни олдинга ўтказиб юбормади (икки жамоада ҳам 31тадан очко), «Реал» билан 2 очколик фарқни сақлаб қолди.
«Севилья» иккинчи ўринни сақлаб қолди
«Севилья» – «Жирона» 2:0 (0:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 55, пенальти Банега, 2:0 – 64 Сарабия.
Севилья – Вацлик, Каррису, Гомес, Эскудеро (Промес, 89), Кьер (Меркадо, 79), Банега, Навас, Меса, Сарабия, Бен-Йеддер (Арана, 90), Андре Силва.
Жирона – Ирайсос, Рамальо, Эспиноса, Хуанпе, Порро, Дуглас Луис (Алеиш Гарсия, 62), Фернандес (Думбия, 71; Гранель, 81), Порту, Понс, Гарсия, Стуани.
Огоҳлантиришлар: Фернандес (33), Банега (85), Сарабия (89).

«Севилья» «Жирона»ни қабул қилди. Севильядаги «Рамон Санчес Писхуан» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйиннинг 55-дақиқасида ўйин бош ҳаками «Жирона» дарвозаси томон пенальти белгилади ва Эвер Банега ҳисобни очди. Иккинчи гол Пабло Сарабия ҳисобига ёзилди.
Бу ғалаба эвазига «Севилья» очколари сонини 31тага етказган ва турнир жадвалида «Реал» (29) ва «Атлетико»ни (31) қувиб ўтиб, иккинчи ўринга кўтарилган. «Жирона» 21 очкоси билан 10-ўринда жойлашган.
Қолган ўйинлар
«Эспаньол» – «Бетис» 1:3 (1:1, 0:2)
Голлар: 1:0 – 24 Гарсия, 1:1 – 43 Ло Чельсо, 1:2 – 85 Тельо, 1:3 – 90, автогол Дуарте.
Огоҳлантиришлар: Санчес (18), Вильям Карвалью (23), Иглесиас (45), Манди (53), Давид Лопес (56), Сидней (65), Санчес (84).
«Уэска» – «Вильярреал» 2:2 (1:0, 1:2)
Голлар: 1:0 – 44, пенальти Эрнандес, 1:1 – 63, пенальти Бакка, 1:2 – 81 Морено, 2:2 – 90 Лонго.
Огоҳлантиришлар: Авила (16), Тригерос (42), Марио Гаспар (43), Инсуа (53), Бакка (66), Пулидо (73), Лонго (90), Касерес (90).
Четлатиш: Марио Гаспар (65).
«Сельта» – «Леганес» 0:0 (0:0, 0:0)
Огоҳлантиришлар: Эн-Несири (17), Микель Весга (24), Жунка (28), Макси Гомес (35), Костас (85), Куэльяр (90).
«Хетафе» – «Реал Сосьедад» 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 3 Молина.
Огоҳлантиришлар: Молина (32), Виллиан Жозе (33), Фулькье (35), Ле Норман (38), Ильярраменди (63), Янузай (72), Кристофоро (86).
«Алавес» ва «Атлетик» учрашуви бугун бўлиб ўтади
Турнир тўпурарлари

Турнир жадвали
