Спорт | 13:10 / 19.12.2018
5958
3 дақиқада ўқилади

Сульшер «МЮ»нинг янги мураббийими ёки йўқ? Клуб матбуот хизмати шошилди

«Манчестер Юнайтед» расмий сайти жамоанинг собиқ ҳужумчиси Оле-Гуннар Сульшер кеча истеъфога чиқарилган Жозе Моуриньонинг ўрнига бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланганини ёзди, аммо орадан кўп ўтмай хабар ўчириб ташланди.

Расмий сайтда ЕЧЛнинг 1999 йилги финалида Сульшер томонидан «Бавария» дарвозасига урилган гол видеоси жойлаштирилган, унинг остига қуйидаги сўзлар битилган эди: «Оленинг карьерасидаги энг машҳур оқшом. Сульшер вақтинчалик бош мураббий бўлади, у бундан 20 мавсум муқаддам «Камп Ноу»да клубнинг треблга эришишига ушбу голи билан ёрдам берган эди».

(Эслатма сифатида: 1998/99 йиллар мавсумида «МЮ» Англия чемпионати ва кубогини қўлга киритиб, ЕЧЛда ҳам ғолиб чиққан эди).

Бундан ташқари, Норвегия бош вазири Эрна Сульберг ҳамюртини ўз Twitter саҳифасида табриклаб, шундай ёзган эди: «Норвегия футболи учун буюк кун. «Қизил иблислар» бошқарувида омад ёр бўлсин, @olegs26_ole».

Эътиборлиси, вазир хоним ҳам кейинроқ ўз постини ўчириб юборган.

Аввалроқ The Guardian нашри Оле-Гуннар Сульшернинг тайинлови пайшанба куни эълон қилиниши ҳақида хабар берган эди. Нашрга кўра, ҳозирда Норвегиянинг «Мольде» клубини бошқараётган 45 ёшли мутахассис мавсум охирига қадар Манчестерда фаолият юритади. Ёзда манкунианликлар раҳбарияти «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттинони жамоага таклиф этишни режалаштирган.

Маълумот учун, Сульшер 1996-2007 йилларда «МЮ» шарафини ҳимоя қилган ва 6 карра Англия чемпиони бўлиб, клуб расмий сайтида эслаб ўтилганидек - бир марта ЕЧЛда ғолиб чиққан. У мураббийлик фаолиятини «МЮ» захира жамоасини шуғуллантиришдан бошлаган.

Норвегиялик мураббийга 56 ёшли Майк Фелан ассистент сифатида тайинланиши кутиляпти. Ушбу мутахассис Алекс Фергюсон даврида 14 йил мобайнида ушбу лавозимда ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча истеъфо ҳақида эълон қилинганидан сўнг Моуриньо билан зиддиятли муносабатда бўлиб келган яримҳимоячи Поль Погба ижтимоий тармоқларда ғалати чиқиш келган эди. У Instagram ва Twitter`даги саҳифаларига нимтабассум билан тушган суратини жойлаб, бироздан сўнги уни ўчириб ташлади.

Мавзуга оид