«Манчестер Юнайтед» – «Лидс» 1:2
Голлар: Каземиро (69) – Окафор (5, 29).
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Мазравий (Далот, 70), Йоро, Мартинес, Шоу, Каземиро, Угарте, Фернандеш, Амад (Мбеумо, 70), Куня, Шешко.
«Лидс»: Дарлоу, Ампаду, Бийол, Богл, Гудмундссон, Жастин, Кэлверт-Люин, Окафор (Гнонто, 74), Стрёйк, Танака (Груев, 74), Ааронсон (Лонгстафф, 86).
Огоҳлантиришлар: Куня (18), Жастин (39), Шоу (49), Фернандеш (64), Ампаду (86).
Четлатиш: Мартинес (56).

«Манчестер Юнайтед» бу турда «Астон Вилла»дан уч очкога узоқлашиши ва учинчи ўринни мустаҳкамлаши мумкин эди. Бунинг учун Майкл Кэррик жамоасидан уйда «Лидс Юнайтед» устидан ғалаба қозониш талаб этиларди. Аммо кутилган уч очко ўрнига «МЮ» ўзига янги муаммолар туғдирди.

«Лидс» сўнгги олти турда бирорта ғалабага эришмаганди. Аммо «Олд Траффорд»га Даниэл Фарке жамоаси катта иштиёқ билан ташриф буюрганди – жамоа хавфли зонадан узоқлашиши керак эди. «Лидс» бу ўйинда ғалаба қозониш орқали 18-ўриндаги «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни олти очкога етказиши мумкин эди.

«Лидс» илк дақиқалардан ҳужумга ташланди. Учинчи дақиқадаёқ Доминик Калверт-Люин яқин масофадан кучли зарба берди, аммо Сенне Ламменс мезбонларни муқаррар голдан қутқарди. Лекин кейинги ҳужум вақтида белгиялик дарвозабон ҳам ожиз қолди. Жейден Богл тўпни жарима майдони марказига етказди, Калверт-Люин тўп учун курашда ютиб чиқди ва тўп қулай позицияда турган Ноа Окафорга етиб борди. Швейцариялик ҳужумчи тўпни Ламменсга қарама-қарши бурчак томон аниқ йўналтирди – 1:0.

«МЮ» стартда муваффақиятсизликка учради, аммо вазиятни ўнглаш учун олдинда 85 дақиқа бор эди. Жамоа охирги ўйинидан буён уч ҳафта дам олиш имконига эга бўлган ва «Лидс»га қарши ўйиндан олдин жисмонан устунликка эга бўлиши керак эди. Аммо амалда бир ҳафта олдин Англия кубоги яримфиналида оғир ўйин ўтказган «Лидс» («Вест Ҳэм»га қарши ўйиннинг асосий ва қўшимча бўлимларида кучлар тенг келиб, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланганди) ўйинга яхшироқ тайёр бўлгани ойдинлашди. Бўлим ўрталаридан ўтганда меҳмонлар иккинчи голни ҳам уришди.

Окафор дублни расмийлаштирди: жарима майдони ташқарисида турган Ноа Каземиронинг бошидан қайтган тўпни ўзига бўйсундирди ва унинг зарбасидан кейин тўп рикошет бўлиб олис бурчакка бориб тушди.  Бу 25 ёшли форвард учун АПЛдаги илк дублга айланди.

Бўлим охирига қадар ҳисоб йирик кўринишга келиши ҳам мумкин эди. Бўлим охирида «МЮ» футболчилари яна бир хатога йўл қўйишди: Ламменс ёмон пас билан Йорони ноқулай ҳолатда қолдирди.