Жаҳон | 18:44 / 20.12.2018
15990
4 дақиқада ўқилади

АЭС жойлашган шаҳарда яшаш қанчалик хавфсиз? Нововоронежликлар фикри

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоатчилик арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Вазирлар Маҳкамасининг 1049-сонли фармойишига мувофиқ Нововоронеж шаҳрида бўлди ҳамда Россиянинг атом энергетикасига оид илғор тажрибаси билан яқиндан танишди. Kun.uz мухбири ташриф давомида Нововоронежда яшовчи аҳолининг атом электр станцияси (АЭС) жойлашган шаҳарда яшаш қандай эканига доир фикрларига қизиқиш билдирди ва уларни сиз билан бўлишишга қарор қилди.

Ташрифимиз давомида об-ҳаво совуқ бўлгани ва қор ёғгани сабабли кўчада одамларни деярли учратмадик. Шу боис йўл-йўлакай шаҳарда жойлашган спорт комплекси ва кўнгилочар марказида тўхтаб, маҳаллий аҳоли вакилларига мурожаат қилдик.

Владимир Анпилогов, спорт комплекси қўриқчиси:

“АЭС яқинида яшаш қандай дейсизми? Ажойиб! Блоклар бор экан, аҳоли иш билан таъминланган, маошлар етарлича. Бизнинг дўконлар тармоғимиз, кўнгилочар масканларимиз жуда яхши. Бу ердан кетиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Пенсионерман, бунгача 28 йил давомида санаторийда ишлаганман. Мен бу ерда ҳали шаҳар барпо қилинмаган вақтларни ҳам эслайман: на йўл, на инфратузилма, тайинли ҳеч нима йўқ эди... АЭС қурилиши билан шаҳар кўркамлашди, ривожлана бошлади, унга қизиқувчилар сони кўпайди. Бутун умр шу ерда яшаяпман ва шу кунга қадар ҳеч қандай хавф сезганим йўқ, ҳеч қанақа қўрқув ҳам йўқ. Дарвоқе, яқинда ёши 100 дан ошган онахонни учратдим, тетик, ҳатто миллий қўшиқларни ҳам куйлаб берди. Бўш вақтимда ов ва балиқчилик билан шуғулланаман, дала ҳовлимизда дам оламан. Фарзандларим ҳам шу шаҳарда яшашини истайман, албатта, чунки бу ерда ҳамма нарса бор. АЭС ишчилари учун эса қўшимча тиббий суғурта ҳам бор, куёвим радиоактив объектларни сақлаш цехининг бошлиғи бўлиб ишлайди, ўзини кўрсангиз - бақувват! Соғлиқ борасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Бундан қўрқиш керак эмас”.

Инна Кудряшова, жамоатчилик ташкилоти ходими:

“1976 йилдан буён Нововоронеж шаҳрида истиқомат қиламан. Илгари бу ер қишлоқ жойлар бўлган. Одамлар тараққиётдан йироқ бўлган. Атом электр станцияси қурилиши билан энг аввало, шаҳар қад кўтара бошлади ва бу ерга жуда кўп одамлар кела бошлади, зеро илк АЭС айнан шу шаҳарда жойлашган эди. Бу - бошқа интеллектуал даража ва бошқа турмуш сифати. Қишлоқ аҳолиси шаҳар аҳолисига айланди, техникумларга ўқишга кирди. Кўпчилик АЭС йўналишида таълим олиб, атомчи бўлиб ишлай бошлади. Бу эса яхши иш ҳақи, муносиб ҳаёт тарзи ва умуман янги босқичдир. Айниқса, ёшлар учун катта имкон демакдир. Экологияга келсак, 55 йилдан бери станция ишлаётган бўлса, биз мутлақо хотиржам яшаб келяпмиз. АЭС – бу арзон электр энергия ва иссиқлик, ахир. Бу ерда яшовчи одамлар атомчилар шаҳрида яшашлари билан фахрланишади”.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид