Ўзбекистон | 17:01 / 21.12.2018
16643
4 дақиқада ўқилади

Бепул Wi-Fi ҳудудларини барпо қилган тадбиркорлар қандай имтиёзга эга?

Фото: Shutterstock

Тезкор ривожланиб бораётган ахборот асрида, айниқса, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар фаоллигининг ошиб бориши ва туристларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати давомидаги таассуротларини интернет тармоғига мунтазам жойлаштириб бориш имконини ошириш мақсадида интернет тармоғига симсиз уланиш ҳудудлари – «бепул Wi-Fi зонаси»ни кенгайтириш масаласи кун тартибига қўйилди. Бу тадбиркорларга мижозларни жалб қилиш учун қўшимча ижобий чора сифатида қаралмоқда, дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайтида.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5326-сонли Фармонида интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини ташкил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга имтиёз берилди. Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар ўз ҳудудида бепул Wi-Fi зонасини яратган  тақдирда, бу ҳудудни кенгайтириш (бир нечта Wi-Fi нуқталарини яратиш, уларнинг сигнал майдонинг кенгайтириш) учун харид қилинган асбоб-ускуналар (интернет тармоғига уланиш ва тарқатиш учун зарурий ускуналар, хусусан роутер-модемлар, алоқа кабеллари) ва интернет-трафикни сотиб олиш учун йўналтирилган харажатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан, ягона солиқ тўлови бўйича базасидан айириб ташланади, ундан қолган маблағ белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Масалан, 2018 йилнинг сентябрь ойида хўжалик юритувчи субъекти – умумий овқатланиш нуқтаси ўз ҳудудида барча мижозлари учун бепул Wi-Fi зонасини ташкил қилиш учун жами 40 миллион сўмга роутер-модем ва алоқа кабеллари каби зарурий ускуналарни харид қилиб, бепул симсиз интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратди. Шунингдек, сентябрь-октябрь ойлари учун интернет трафиги учун жами 1 миллион сўм сарф қилди. Мазкур субъект томонидан 2018 йилнинг учинчи чорагида жами солиққа тортиладиган даромади 70 миллион сўмни ташкил қилган, шундай бўлса-да, у фақат 29 миллион сўм солиқ тўлайди.

Жамоат жойларида ташкил қилинган бепул Wi-Fi зонасини барпо этган оператор, провайдер ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланувчиларни идентификациялаш тизимини ўрнатган ҳолда тегишли сифатдаги уланишни таъминлашлари лозим.

Эслатма: солиқ имтиёзи тақдим этилиши ҳисобига бўшаб қолаётган маблағлар, ушбу маблағлар мақсадли йўналтирилиши белгилаб берилмаганлиги сабабли, бухгалтерия ҳисобининг баланс счётларида кўрсатилмайди ҳамда Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-шакл) акс эттирилмайди. Вақтинчалик тақдим этилаётган солиқ имтиёзининг алоҳида ҳисобини юритиш учун балансдан ташқари «Вақтинчалик солиқ имтиёзи» счёти очилади, ҳамда ҳисобот даврида тақдим этилган имтиёз суммалари учун счётнинг дебетига олиб борилади (Юридик шахсларга, солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерлик ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 2 апрелда 1463-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).

Қўшимча маълумотлар учун телефон: (+998 71) 200-00-88, (1163)

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид