Жаҳон | 20:16 / 23.12.2018
7694
2 дақиқада ўқилади

Британияда “Ал-Қоида” йўловчи самолётларга ҳужум тайёрлаётгани маълум қилинди

Фото: AP Photo / Hani Mohammed

Британиянинг хавфсизлик масалалари вазири Бен Уоллес “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти жангарилари йўловчи самолётларни уриб туширишга имкон берувчи технология устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда Times нашри хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, самолётларни уриб туширувчи технология ўз ичига кичик ўлчамли бомбалар, портловчи моддалар билан тўлдирилган дронларни олиши мумкин.

Хавфсизлик хизматидаги манбаларнинг маълум қилишича, Британияда тергов давомида бомбаларни етказишга мўлжалланган дронларнинг хомаки чизмалари топилган.

“Авиация учун таҳдид ҳақиқатдир... “Ал-Қоида” қайта вужудга келмоқда. Улар Европага қарши борган сари кўпроқ режалар ишлаб чиқмоқда, улар янги усуллар билан танишиб, самолётларга ҳужум қилишга ҳаракат қилмоқда”, деб айтган Уоллес.

Унинг таъкидлашича, ички ишлар ва транспорт вазирликларининг “самолётларни янги кимёвий реактивлар, турли портлатиш усуллари ва ички хавфлардан ҳимоялаш бўйича тадқиқот дастурига” 25 млн фунт стерлинг ажратилган.

Нашрнинг таъкидлашича, Британия разведка идоралари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Суриядан қўшинларни олиб чиқиш қарори жангариларга ҳужумларни амалга ошириши учун хавфсиз ҳудудни яратишга имкон беришидан хавотирланмоқда.  

20 декабрга ўтар кечаси Лондондаги Гатвик аэропортидаги барча парвозлар аэродром устида икки дрон учгани ҳақидаги маълумот сабабли тўхтатилган. Аэропорт иши бир кундан кўпроққа тўхтатилган ва 21 декабрь эрталаб давом эттирилган. Рейсларнинг бекор қилиниши 100 мингдан кўпроқ кишига таъсир кўрсатган. Англиянинг Сассекс графлиги полицияси маълумотларига кўра, воқеа террорчилик билан боғланмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид