Жаҳон | 17:57 / 25.12.2018
19836
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Венесуэла Россия учун стратегик ғалабага айланди

Фото: Maxim Shemetov/AP

Венесуэла Россия учун нисбатан «арзон» иттифоқдошга айланиши, инвестициялардан эҳтимолий фойда эса бебаҳо бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post газетаси ёзмоқда.

Ўтган ўн йил мобайнида кичик кредитлар ва маблағлар йўналтирилиши эвазига Россия энди Венесуэланинг катта қисми, энг камида, бешта нефть конига эгалик қилмоқда. Ушбу давлатда эса дунёдаги энг катта захиралар мавжуд.

WP’нинг ёзишича, Венесуэла ҳукуматидаги россиялик маслаҳатчилар президент Николас Мадуронинг мамлакатни банкротликдан олиб чиқиб кетишга қаратилган сиёсатини «йўналтиришга ёрдам бермоқда». Нашрнинг қайд этишича, улар Америка санкцияларини четлаб ўтган ҳолда нефть тўловларини амалга оширишга ёрдам берадиган, биринчи «петро» рақамли валютасини ишга туширишга кўмак кўрсатишди.

Бундан ташқари, Венесуэла олдин мудофаа бўйича фақат Американинг мижози эди. Аммо ҳозирда мамлакат Россия қурол-яроғи, танклари ва самолётлари билан жиҳозланган.

Газетанинг таъкидлашича, Россия Яқин Шарқ минтақасидаги йирик ўйинчи, Осиёдаги воситачи ва замонавий қурол-яроғ етказиб берувчи сифатида ўзини тиклади.

Россия учун Ғарбий ярим шардаги сиёсий форпостни яратиш «стратегик ғалабага» айланди, дея маълум қилган Америка Кенгаши ва Америка Жамияти вице-президенти Эрик Фарнсворт.

«Мен Россия Мадуро режимининг омон қолиши ҳақида қайғураётганига ишонмайман. У – мақсадга эришишнинг бир йўли. Якуний мақсад – ҳокимиятни яратиш, Ғарб санкцияларидан қутулиш ва Қўшма Штатлар учун қийинчиликлар туғдириш», – дея ҳисоблайди Фарнсворт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ва Россия кучаядиган бўлса, дунёда фалокат юз бериши тахмин қилинганди. 

Мавзуга оид