Ўзбекистон | 13:56 / 25.12.2018
10187
4 дақиқада ўқилади

Солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатлар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 147-моддаси (Чегирилмайдиган харажатлар) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«147-модда. Чегирилмайдиган харажатлар

Солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) моддий қимматликларнинг табиий камайиши нормаларидаги ортиқча йўқотишлар ва бузилишлар;

2) умумий овқатланиш корхоналарига ёки бошқа чет ташкилотларга жойларни бепул бериш харажатлари, ушбу корхоналар ва ташкилотлар учун коммунал хизматлар кўрсатиш қийматини тўлаш;

3) солиқ тўловчининг ушбу Кодекснинг 177-моддасида (Моддий наф тарзидаги даромадлар) назарда тутилган, жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган харажатлари;

4) дала таъминоти, хизмат мақсадида ходимнинг шахсий автотранспортдан фойдаланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча тўланган тўловлар;

5) пенсияларга қўшимча ва устамалар;

6) ходимларга тўланадиган моддий ёрдам, бундан ушбу Кодекснинг 143 (Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари) ва 145-моддаларида (Бошқа харажатлар) назарда тутилган моддий ёрдам мустасно;

7) бадаллар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлар;

8) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқ ҳолда атроф муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари;

9) кредит шартномасида муддатли қарзлар учун назарда тутилган ставкалардан ортиқча бўлган, тўлов муддати ўтган ҳамда узайтирилган кредитлар (заёмлар) бўйича фоизлар;

10) лойиҳалардаги ва қурилиш-монтаж ишларидаги камчиликларни, шунингдек объект ёнидаги омборгача ташиб келтирилиши чоғида юз берган бузилишлар ва деформацияларни бартараф этиш бўйича харажатлар, коррозияга қарши муҳофазадаги нуқсонлар туфайли тафтиш ўтказиш (асбоб-ускуналарни қисмларга ажратиш) харажатлари, мазкур харажатларни камчиликлар, бузилишлар ёки зарарлар учун жавобгар бўлган маҳсулот етказиб берувчи ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобидан ўрнини қоплаш мумкин бўлмаган миқдордаги бошқа шунга ўхшаш харажатлар;

11) айбдорлари аниқланмаган ўғирликлар ва камомадлардан ёки зарур суммаларнинг ўрнини айбдор тараф ҳисобидан қоплаш мумкин бўлмаганда кўрилган зарарлар;

12) солиқ тўловчининг асосий воситалари чиқиб кетишидан (балансдан чиқарилишидан) кўрилган (бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган) зарарлар, бундан ушбу Кодекс 
145-моддаси 40-бандининг «е» ва «ж» кичик бандларида кўрсатилган зарарлар мустасно;

13) хўжалик шартномалари шартларини ва қонун ҳужжатларини бузганлик учун тўланган ёки тан олинган жарималар, пеня ҳамда бошқа турдаги санкциялар;

14) Ўзбекистон Республикаси норезиденти ва бошқа шахслар учун тўланган солиқлар;

15) текширувлар натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

16) солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлмаган тадбирлар (соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият тадбирлари, дам олишни ташкил этиш ва ҳоказо) учун харажатлар;

17) касаба уюшмаси қўмиталарига ёрдам кўрсатиш;

18) маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишларни (хизматларни) бажариш учун харажатлар (шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш ва бошқа турдаги ишлар)».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид