14:18 / 25.12.2018
41984

Ягона солиқ тўловини тўловчилар рўйхати ўзгарди

Фото: Alamy

Ўзбекистон Республикаси президенти “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 350-моддасининг (Солиқ тўловчилар) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ягона солиқ тўловини тўловчилар қуйидагилардир:

1) солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар;

2) оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) – солиқ даврида оддий ширкат фаолиятидан олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркор;

3) солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми белгиланган миқдордан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар, бундан ушбу модданинг 4-бандида кўрсатилганлар мустасно;

4) солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган:

мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширувчи;

Электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган якка тартибдаги тадбиркорлар;

5) солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошмаган оилавий корхоналар;

6) нотижорат ташкилотлар даромадларининг солиқ даврида тадбиркорлик фаолиятидан олинган қисми бўйича, солиқ даврида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари бир миллиард сўмдан ошмаслиги шарти билан.

Воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар йиллик айланманинг (тушумнинг) белгиланган чегаравий миқдорини товар айланмасидан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқаради.

Ягона солиқ тўлови:

акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи;

акциз солиғига тортиладиган мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи; 

ушбу Кодекснинг 57-бобига мувофиқ ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган фаолият доирасидаги;

маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг иштирокчилари бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди».

Top