Ўзбекистон | 13:52 / 26.12.2018
3740
2 дақиқада ўқилади

«Фазовий маълумотлар инфраструктураси ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Фото: National Geographic

Ўзбекистонда фазовий маълумотлар инфраструктураси яратилади. Бу ҳақда 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурида айтилган.

Ҳужжат билан “Фазовий маълумотлар инфраструктураси ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

фазовий маълумотларни яратиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида муносабатларни тартибга солиш асосларини белгилаш;

фазовий маълумотлар инфраструктурасини яратиш ҳамда ривожлантиришнинг асосий мақсади;

давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фазовий маълумотлардан фойдаланиш эҳтиёжидан келиб чиқиб ушбу фазовий маълумотлардан ишончли, тезкор ва самарали фойдаланиш.

Қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг фазовий маълумотлар базасига кириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар - “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги.

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддати - 2019 йил ноябрь, Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати - 2019 йил декабрь.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид