Жаҳон | 07:31 / 27.12.2018
11983
2 дақиқада ўқилади

Украина Россияга қарши янги санкцияларни тасдиқлади

Фото: Михаил Палинчак / ТАСС

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Россиянинг жисмоний ва юридик шахсларига қарши қўшимча санкцияларни киритиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Бу санкциялар Керчь бўғозидаги воқеа билан боғланган.

Санкциялар Украинага қарши тажовузкор ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган ёки кўмак берган Россия компаниялари, бизнесменлар, сиёсатчилар ва депутатлар, куч тузилмалари ходимларини қамраб олади. Шунингдек, санкциялар Донецк ва Луганск вилоятларида сайловларни ташкил этганларга қарши киритилади. 

Санкциялар, шунингдек, “Керчь бўғозидаги воқеа вақтида украиналик денгизчиларнинг ноқонуний қўлга олиниши”га алоқадор ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши амал қилади.  

Аввалроқ Украина президенти Пётр Порошенко таъкидлаганидек, санкциялар давлат думасидаги ЛДПР ва “Единая Россия” партиясининг вакилларига ҳам қарши амал қилишини таъкидлаб ўтган.  

Бундан бир кун аввал, яъни 25 декабрда Россия Украинага қарши санкцияларни кенгайтирди. Санкциялар рўйхатига 250 дан кўпроқ жисмоний шахс (депутатлар, амалдорлар ва тадбиркорлар) ва 7 та компания, жумладан мудофаа мажмуалари киритилган.    

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши давлат чегара хизматига Россия билан чегарани яхшироқ қўриқлашни ва Украинага кирувчи россияликлар ортидан назоратни кучайтиришни тавсия қилган. 26 декабрда Порошенко Украинада киритилган ҳарбий вазият тартиби тўхтатилганини эълон қилди. Чегара хизмати маълумотларига кўра, ҳарбий вазият амал қилган вақтда Украинага 1,6 мингдан кўпроқ фуқаро киритилмаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид