Жаҳон | 01:16 / 29.12.2018
28779
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда генерал Дўстумнинг яқин сафдоши озод этилди

Фото: pajhwok.com

Афғонистонда ҳибсда ушлаб турилган Низомиддин Қайсарий озод этилди. Бу ҳақда Афғонистон вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум бошчилик қиладиган “Жунбиш-а Миллий” партиясидаги манба маълум қилди

Партия раҳбари ўринбосари Масъуд Аҳмад Масъуднинг маълум қилишича, Қайсарий айни вақтда Кобулнинг Шош-Дарак туманидаги уйлардан бирида қолмоқда. Бироқ унга нисбатан тергов давом этмоқда. Куч тузилмалари маълумотларига кўра, Қайсарий Фарёб вилояти амалдорларига толиблар томонидан ҳужумга учровчи Майман-Жаузжон автомобил йўлида хавфсизликни таъминлай олмасалар, “уларни ўлдириш, вилоятдаги хавфсизлик кучлари бўлимларини ёпиб, уларга ўт қўйиш” билан таҳдид қилган.

Қайсар уезди полицияси бошлиғи, Дўстумнинг яқин сафдоши бўлган Қайсарий 2 июлда Фарёб вилоятининг маъмурий маркази Майман шаҳрида махсус кучлар томонидан ҳибсга олинган ва Кобулга етказилган. Қайсарийнинг ҳибсга олиниши Афғонистоннинг шимоли ва марказий қисмидаги бир қатор вилоятларда тартибсизликларга олиб келган. Минглаб одамлар норозилик намойишларига чиққан, покришкалар ёқилган, автомобил йўллари тўсилиб, давлат идоралари фаолиятига тўсқинлик қилинган. Намойишчилар Қайсарийнинг озод этилишидан ташқари, 2017 йил майдан бери Туркияда қолишга мажбур бўлаётган Дўстумнинг қайтарилишини талаб қилишган. Дўстум июлда Кобулга қайтган, уни минглаб тарафдорлари ва сиёсий мухолифат вакиллари, жумладан афғонистонлик тожиклар етакчиси Атта Муҳаммад Нур кутиб олган. Бироқ ўшанда Қайсарий озод этилмаган. Ўшанда Дўстум сафдошининг озод этилиши бўйича ҳукумат билан музокаралар ўтказишга ваъда берган.       

Мавзуга оид