Ўзбекистон | 13:38 / 01.01.2019
10848
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳияти бўйича қарор қабул қилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри фестиваллар шаҳри сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Шаҳрисабз шаҳрида йил давомида Амир Темур таваллуди куни, “Кўпкари” миллий ўйини, фольклор гуруҳлар ва ҳунармандлар фестивали каби турли маданий-кўнгилочар тадбирларни аниқ режа ва тасдиқланган тақвим асосида мунтазам ўтказиб бориш орқали Шаҳрисабз шаҳрини фестиваллар шаҳрига айлантириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур маданий-кўнгилочар тадбирларни республикага ташриф буюрувчи туристлар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда тадбирлар доирасида Шаҳрисабз шаҳрига туристларни кенг жалб этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Қуйидагилар:

Қашқадарё вилоятида янги туризм йўналишларини ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси;

2019–2020 йилларда Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштирсин, шунингдек унда белгиланган туризм йўналишларига туристларни жалб қилиш бўйича чораларни кўради;

манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Чора-тадбирлар режаси бажарилиши устидан доимий мониторингни олиб боради;

мониторинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси президентининг «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3217-сон қарори билан ташкил этилган Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга Чора-тадбирлар режасининг амалга оширилиши бўйича маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5 санасигача киритилиши таъминлайди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг тармоқ жадваллари тасдиқланишини таъминлайди;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

муаммоли масалаларни ҳар ойда жойига чиққан ҳолда ўрганиб бориш, уларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўради.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги билан биргаликда вилоятнинг туризм маршрутларига киритилган масканларда экскурсовод, гид ва йўриқчи-кузатувчи тайёрлаш бўйича ҳар чоракда камида бир марта ўқув курсларини ташкил этади;

Чора-тадбирлар режасида белгиланган туризм йўналишларидаги қишлоқлар ва туризм объектларига боришни кўрсатувчи махсус туризм хариталарини ишлаб чиқади ҳамда барча жойлаштириш воситаларига ва савдо нуқталарига уларни бепул тарқатиш учун тақдим қилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг муҳофаза этиладиган ҳудудларини ташкил этиш ва экологик туризмни амалга ошириш учун рекреация зоналари аниқлаш ва чегараларини аниқ белгилашни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид