Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суюнчи пули қандай тартибда берилади?
Амалдаги қонун ҳужжатларида “суюнчи пули” деган расмий тушунча мавжуд эмас ва бу бола туғилганда давлат томонидан бериладиган бир марталик нафақанинг халқ орасидаги номидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сони билан рўйхатдан ўтказилган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра бола туғилганда бериладиган нафақа (суюнчи) ота-онадан бирига ёки унинг ўрнини босадиган шахсга асосий иш ёки ўқув жойи бўйича бир маротаба тўланади.
Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади.
Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда нафақа бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
Унинг миқдори қонун ҳужжатлари билан бола туғилган санада белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 бараварини ташкил этади. Икки ва ундан кўп бола туғилганда ёки фарзандликка олинганда нафақа ҳар бир болага шунча миқдордан тўланади.
Бола туғилганда бериладиган нафақадан даромад солиғи ушланмайди. Бола ўлик туғилган ҳолларда нафақа тўланмайди.
Нафақа олиш учун қуйидаги ҳужжатлар иш (ўқиш) жойига ёки пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимига топширилиши лозим:
ФҲДЁ органлари томонидан берилган боланинг туғилганлиги ҳақидаги маълумотномани, маълумотнома йўқотилган тақдирда - дубликатини;
бошқа ота (она)нинг иш жойидан (хизмат, ўқиш жойидан) бола туғилганда унга нафақа тайинланмаганлиги ҳақидаги маълумотномани (агар ота-онанинг иккаласи ўқиса ёки ишласа).
Ушбу ҳужжатлар тегишли ариза билан бола туғилган кундан бошлаб 6 ой ичида тақдим этилиши зарур. Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тўлаш тўғрисидаги аризалар пенсия жамғармасида юритилган махсус китобга рўйхатга олинади ва 10 кундан кечиктирмай тўланади.
Бола туғилганда бериладиган нафақа иш (ўқиш) жойидан тўланганда одатда ходимнинг иш ҳақига қўшиб тўланади.
Адлия вазирлигида 2015 йил 5 март куни 2657-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра ишламайдиган шахсларга — уларнинг яшаш жойлари бўйича Халқ банки филиали махсус кассаси ёки уларнинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.
Дилшод Абдуқодиров, ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
18:24 / 08.03.2024
Бола туғилганда «суюнчи пули»ни бериш тартиби ўзгарди
15:59 / 16.06.2023
Азалий тортишувлардан бири: туғуруқхонада суюнчи пули бериш керакми-йўқми?
21:39 / 21.10.2021
Бола туғилганда бериладиган “суюнчи пули”ни энди исталган кўринишда олиш мумкин
12:19 / 27.07.2020