Фарзанд дунёга келганидаги хурсандчилик ҳамиша харажатларга уланиб кетади. Туғуруқхонадан чиқиш пайтида бола туғилишида иштирок этган шифокор-у ҳамширалар қатор туриб олишади ва қўлингизга қарашади. Албатта, ўзбек – болажон халқ, суюнчи пулини ҳам табиий ҳисоблайди.

Бироқ вақти-вақти билан норозиликлар ҳам туғилади. Ҳатто давлат раҳбари ҳам бу борада алоҳида тўхталган ва “Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда” дея таъкидлаган. Вақти-вақти билан интернетда турли лавҳалар тарқалади, шифокорларнинг гўрига ғишт қаланади. Баҳсларда бир умумийликни сезиш мумкин: кўнгилдан чиқариб берилса майли, лекин сўраб олиши ёки тама қилишлари тўғри эмас.

Лекин кўнгилдан чиқариб бериш билан тикилиб турган кўзларни рози қилиш учун бериш чегараси қаерда? Бугун ана шу ҳақда гаплашамиз.

Суҳбатдошларимиз – шифокорлар, ота-оналар ва умуман жамоатчилик фаоллари. Биз уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

1. Туғуруқхонада суюнчи пули берилишига қандай қарайсиз? Ўзингиз ҳам берганмисиз/олганмисиз?

2. Бугунги кунда қанча миқдорда суюнчи берилишини нормал қабул қиласиз ва буни пора деб ҳисобламайсиз?

  • жами 200 минг сўмгача;
  • жами 500 минг сўмгача;
  • жами 500 мингдан 1 млн сўмгача;
  • 1 млн сўмдан ортиқ.

3. Сиз суюнчи беришни истамаган вазиятда шифокор норози бўлса, тегишли ташкилотга мурожаат қилишни қандай баҳолайсиз?

4. Мавзуга оид эркин фикрларингиз...

Энди жавобларга эътибор қаратсак.

Шахсини сир тутган шифокор:

— Суюнчини биз ўйлаб топмаганмиз. Бизгача ҳам бўлган, биздан кейин ҳам бўлади. Аёл фарзандини қўлига олгунича икки дунё ўртасида бўлади, дейишади. Шундай вазиятда унга ёрдам берганларга атаганини бериш қачондан миннат бўлиб қолди, ҳайронман?

Сўнгги пайтларда бир тоифа пайдо бўлган: дарров телефонга ёпишади. Майли, бермасанг берма. Лекин индамай кет! Олдига чиққан шифокор-ҳамшираларга бир сўм бермагани камдек, заҳрини сочади. “Давлатдан ойлик оляпсанлар!” деб миннат қилади. Энг қизиғи – ортидан кузатиб турсанг, кўчада кетини ликиллатган айиққа, карнайчи-сурнайчига пул сочади. Ҳар қадамини видеога олдириб, ҳашаматли машиналарда боласини олиб кетади. Кошки бола буни билса...