Ўзбекистон | 08:03 / 03.01.2019
59675
2 дақиқада ўқилади

ППХнинг янги раҳбари тайинланди — олдингиси хизмат хонасида ўлдириб кетилган эди

Фото: ИИБ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида янги лавозим тайинлови рўй берди, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

Тарқатилган маълумотларга кўра, полковник Бахтиёр Пўлотович Пормонов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш Бош бошқармасига янги бошлиқ этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 4 август куни ИИВ ППХнинг собиқ раҳбари подполковник Дилшод Акрамовнинг мурдаси Ички ишлар вазирлиги биносининг иккинчи қаватида жойлашган ўз хизмат хонасида топилган эди. Мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасига кўра жиноят иши қўзғатган.

Бошлиқни ўлдиришда гумонланувчи ушланиб, қамоққа олинган. У Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори Р.Абдуллаев бўлиб чиққан.

Аввалрок, 19 декабрь куни Халқаро пресс клубда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Тадбир давомида журналистлар ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларидан подполковник Дилшод Акрамов билан боғлиқ иш бўйича суриштирувлар қандай кетаётгани ҳақида савол беришган.

«Тергов-суриштирув ишлари олиб бориладиган маълум бир меъёрлар бор. Менда суриштирув қандай босқичда эканлиги хусусида ахборот йўқ, бироқ айни дамда тергов тадбирлари олиб борилаётганидан хабарим бор. Иш судга оширилгач, манфаатдор тарафлар керакли маълумотларни олишлари мумкин», — деган эди бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев. 

Мавзуга оид