Ўзбекистон | 16:11 / 04.01.2019
11543
2 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури ишлаб чиқилади

Фото: Flickr/ Masahiro Ihara

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида айтилган.

Қайд этилишича, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада:

аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Рим Декларацияси ҳамда Биохавфсизлик бўйича Картахен протоколини ратификация қилишни кўриб чиқиш назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2019 йил 1 апрель, ижро учун масъуллар - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновация вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, вазирлик ва идоралар.

Шунингдек, ички ва ташқи бозорларда маҳсулотларга бўлган талаб, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда экинларни жойлаштириш ва ҳудудий ихтисослаштириш тизими такомиллаштирилади.

Бу борада чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Дастурда:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш;

тупроқ, иқлим, сув шароитидан келиб чиқиб, кейинги йил ҳосили учун фермер хўжаликлари кесимида, контурлар ва экин турлари бўйича қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириш;

зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва истиқболсиз фермер хўжаликларини мақбуллаштириш;

ҳудудий ихтисослаштиришни чуқурлаштириш, жумладан туманлар ҳудудларини мос маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2019 йил 1 май, ижро учун масъуллар - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Инновация вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгаши, Фанлар академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид