Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда хорижий инвесторларга махсус марказлар ёрдам беради
2019 йилнинг 1 февралидан пойтахтнинг туман ҳокимликлари ҳузурида Инвесторларни қўллаб-қувватлаш марказлари иш бошлайди. Марказлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвесторларга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўмаклашади. Бу меъёрлар Вазирлар Маҳкамасининг 4.01.2019 йилдаги 4-сон қарори билан белгиланган, деб ёзмоқда Norma.
Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• инвесторларга туманларнинг салоҳияти, туман ҳокимликлари томонидан тайёрланган аниқ инвестиция таклифлари, мавжуд имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил маълумотларни олишда кўмаклашиш;
• инвесторларини бўш турган давлат мулки объектлари ва фойдаланилмаётган ер участкалари, шунингдек, уларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш;
• инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда инвесторларга маслаҳатлар бериш, шу жумладан уларга консалтинг хизматлари (лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш) кўрсатиш;
• давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, тижорат банклари вакиллари иштирокида туманларнинг инвестиция имкониятлари масалалари бўйича тадбир ва учрашувлар ташкил этиш;
• хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда, шу жумладан бўш турган, фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкалари негизида лойиҳаларни амалга ошириш учун салоҳиятли маҳаллий шерикларни топиш;
• инвесторларга муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда рухсат берувчи ҳужжатлар, шу жумладан қурилиш ишларини амалга оширишга рухсат беришга доир ҳужжатларни олишда кўмаклашиш;
• лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал қилиш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш;
• хорижда ўтказиладиган халқаро инвестиция ва бизнес-форумлар учун материаллар, видеороликлар, инвестиция таклифлари ва тақдимотлар тайёрлашда иштирок этиш.
Шу ўринда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида қуйидагиларга эътибор қаратадилар:
• Тошкент шаҳрида бизнес юритиш учун инвестиция муҳитини яхшилаш;
• юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни, шу жумладан кичик саноат зоналари ва технопаркларда уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва экспортини кўпайтирган ҳолда ривожлантириш учун инфратузилма ташкил этиш;
• минтақанинг туристик маркази сифатида пойтахтнинг жозибадорлигини ошириш, ички ва хориждан ташриф буюрадиган туристлар оқимини кўпайтириш, турли форматдаги меҳмонхоналар тармоғини ташкил қилиш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш;
• халқаро етакчи олий укув юртлари филиалларини очиш, соғлиқни сақлаш муассасаларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаган ҳолда қуриш, қайта тиклаш ва техник қайта жиҳозлаш;
• трансмиллий компаниялар, йирик хорижий молия корпорацияларини жалб қилиш, пойтахтни минтақавий молия маркази сифатида ривожлантириш;
• хусусий инвестицияларни замонавий офис бинолари ва уй-жой комплекслари қурилишига жaлб қилиш, уларни тегишли инфратузилма билан таъминлаш, пойтахтнинг алоҳида ҳудудларида «smart city» ва «green city» тизимларини татбиқ қилган ҳолда қурилиш ишларини янада ривожлантириш;
• муҳандислик-коммунал инфратузилмасини ривожлантириш, коммунал хизматлар сифатини ва оммабоплигини ошириш, энергия тежовчи технологияларини татбиқ қилиш ва хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этиладиган корхоналарни муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини жадаллаштириш.
Қарор билан шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхати ва инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Тошкент шаҳри туманларини ривожлантиришнинг устувор соҳалари тасдиқланди.
Ҳужжат 5.01.2019 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
13:42 / 10.02.2026
Янги ерларни ўзлаштиришда “инвестор + лойиҳа” тамойили жорий этилади
15:02 / 11.12.2025
Ўзбек стартапларининг катта компанияларга айланишига нималар тўсқинлик қилади?
11:22 / 11.12.2025
“Келажак” марказларида ўқиш учун ота-оналар тўлови миқдори белгиланди
10:15 / 21.11.2025