Ўзбекистон | 21:10 / 09.01.2019
9505
3 дақиқада ўқилади

«Ғишткўприк» чегара божхона постида янги бино фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида «Ғишткўприк» чегара божхона постини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, чегара ва божхона назорати янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.

«Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида жойлашган давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.

Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатлар чегарасини кесиб ўтишда фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида қўшнилар билан чегарада жойлашган ўтказиш пунктларида зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ҳукуматлари ўртасида имзоланган «Йўл харитаси» ижроси доирасида «Ғишткўприк» чегара божхона постини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари якунига етказилиб, чегара ва божхона назорати янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди», дейилади Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Ушбу янги бинони очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита раҳбарияти иштирок этишган.

Мазкур янги бинода фуқароларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун ҳам алоҳида йўлаклар мавжуд.

«Шу ўринда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани натижасида чегаралар орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг сони тобора ортиб бораётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Хусусан, мамлакатимиз сарҳадлари орқали 2017 йилда жами 21,6 миллион нафардан ортиқ киши ҳаракатланган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 40,3 миллионни, яъни 2017 йилга нисбатан 2 баробардан ортиқни ташкил этди.

Шунингдек, 2017 йил давомида чегараларимиз орқали 484 мингдан ортиқ енгил ва юк автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 1 221 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2,5 баробарга ортди.

Мамлакатимизни қўшни Қозоғистон билан боғлаб турувчи ва бугунги кунда модернизация ва реконструкция қилинган «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали фуқаролар ва транспорт воситалари сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Масалан, 2016 йилда ушбу чегара божхона пости орқали 5 миллион 153 минг нафардан ортиқ фуқаро ҳаракатланган бўлса 2018 йилда 10 миллион 183 минг нафардан ортиқ фуқаролар ҳаракатланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, 2016 йил давомида мазкур чегара божхона пости орқали жами 2 691та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, 2018 йилда 101 мингдан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатланган. Бу эса транспорт оқимини 2016 йилга нисбатан 37 баробарга ортганини кўрсатмоқда.

Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши билан «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали бир кунда 40 минг нафар киши ҳаракатланиши учун имконият юзага келган.

Мавзуга оид