Жаҳон | 08:55 / 09.01.2019
5368
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея делегацияси Канадага махфий музокаралар ўтказгани келган – ОАВ

Фото: REUTERS

Шимолий Корея делегацияси 2018 йил сентябри охирида Канада пойтахти Оттавага махфий музокаралар ўтказгани келган. Бу ҳақда Канада ҳукуматидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда CBC телеканали хабар берди.   

Манбаларнинг маълум қилишича, музокаралар 2 кун давом этган. Улар давомида Канада томони Шимолий Кореяда ядровийсизлаш ва “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммолар”ни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтган. 

Учрашув ташкиллаштирилиши тафсилотлари номаълум, бироқ ОАВ маълумотларига кўра, канадалик дипломатлар учрашувдан мамнун қолганлар. 

Шу билан бирга Канада ташқи ишлар вазирлиги вакили Гийом Берубе журналистларга учрашув “Канаданинг Шимолий Корея билан дипломатик муносабатларида бирор нарса ўзгаргани”ни исботламаслигини айтган. “Бизни Шимолий Кореяда ядровийсизлаш борасида аниқ ҳаракатлар йўқлиги ташвишлантиради”, деб айтган Берубе. 
 
Унинг таъкидлашича, шимолий кореяликлар билан музокаралар Канаданинг иттифоқдошлари, жумладан АҚШ билан дастлаб муҳокама қилинган.  

Расман Канада ва Шимолий Корея 2010 йилдан бери дипломатик алоқаларни қўллаб-қувватламайди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид