Ўзбекистон | 08:52 / 10.01.2019
13154
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишда принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш, уларнинг ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан яхшилаш мақсадида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, ушбу соҳада ишларни янада такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар (юридик луғат, ҳуқуқий адабиётлар электрон майдончаси, қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси бўйича онлайн форум ва бошқалар) етказиш тизимини ўз ичига оладиган Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш;

аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини яратиш;

умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўламини янада кенгайтириш;

аҳолининг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмаларни тайёрлаш ва хонадонларга бепул тарқатиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун топшириладиган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид