Жаҳон | 19:40 / 10.01.2019
97482
6 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг сирли рафиқаси - у аслида ким?

Фото: AFP

Ким Чен Ин анъаналарга зид равишда жамоат жойларида ўз рафиқаси билан кўриниш беради. Шимолий Корея раҳбари Пекинга ташрифида ҳам истисно қилмади - зирҳли поездда Кимга Ли Сол Чжу ҳамроҳлик қилди. Би-Би-Си унинг рафиқаси ҳақида материал тайёрлади.

КХДРнинг биринчи хоними аслида ким?

Фото: EPA

У ҳақида батафсил маълумотлар йўқ, учраган айрим маълумотларни ҳам текшириб бўлмайди.

У илк бор телеканалларда 2011 йилда кўриниш берган - у Ким Чен Ирнинг дафн маросими вақтида Ким Чен Иннинг ёнида турган. Ўшанда ҳеч ким, жумладан, Америка ва Жанубий Корея махсус хизматлари ҳам унинг кимлигини билишмасди.

Кейинги бир йил давомида у Ким Чен Иннинг синглиси ёки унинг бошқа қариндоши деган тахминлар сақланиб қолди. Жанубий Корея разведкасидагилар ушбу аёл «Почхонбо» ансамблидаги солист - Хён Сон Воль экани ҳақида маълумот ҳам тарқатганди.

Бошқа маълумотларда Ли Соль Чжу 2005 йилда енгил атлетика бўйича Осиё чемпионати вақтида шимолий кореяликлар делегацияси билан Жанубий Кореяга келгани айтилади. Бу маълумотни текшириш ҳам имконсиз.

Унинг Ким Чен Ин билан никоҳи ҳақида Шимолий Кореядаги нашрларда 2012 йилнинг июлида ёзилган. Кейинроқ жанубликлар разведкаси бу жуфтлик 2009 йилдаёқ турмуш қуришганини аниқлаган.

Янги мақом

Фото: Getty Images

2018 йил ёзида Шимолий Кореянинг расмий матбуоти уни шунчаки ўртоқ Ли деб аташни бас қилди ва у «Ҳурматли биринчи леди» деб атала бошланди.

Унинг асл исми Ли Сол Чжулиги аниқ эмас, шимолликлар династиясида исмларни ўзгартириш анъанаси бор.

Кимлар сулоласи асосчиси, Ким Чен Иннинг бобоси Ким Ир Сенни туғилганида Ким Сон Чжу деб аташган. Кейинроқ у ўзига инқилобий ном танлаган - «Кўтарилаётган қуёш».

Унинг ўғли Ким Чен Ир айрим маълумотларга кўра Сибирда туғилган. Совет ва хитой манбаларига кўра, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига Юрий Ирсенович Ким деб исм қўйилган. Шимоллик тарихчилар эса у Шимолий Корея ҳудудида, Пэктусан тоғидаги партизанлар лагерида дунёга келганини ёзади.

Ким Чен Иннинг маҳбубаси неча ёшдалиги ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Катта эҳтимол билан у 1985-1989 йиллар оралиғида туғилган. Шунга кўра, унинг ёши 30-34 атрофида.

Оила
Ли Сол Чжунинг болалиги ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

North Korea Leadership Watch нашри муҳаррири Майкл Мэдденнинг тасдиқлашича, у Шимолий Кореянинг шарқий қирғоқлари яқинидаги Чхонджин шаҳрида туғилган.

У Пхеньяндаги Ким Ир Сен номидаги университетда таҳсил олгани тахмин қилинади. Унинг ота-онаси ҳақида маълумот йўқ. Айрим манбаларда унинг отаси шифокор бўлгани айтилса, бошқаларида армия зобити бўлгани айтилади.

Жанубий Корея манбаларига кўра, у Хитойда қўшиқчиликни ўрганган.

Ли Соль Чжу ва Ким Чен Ин қандай танишгани ҳам сир.

Болалар
Турли манбаларга кўра, Ли Сол Чжу ва Ким Чен Ин оиласида 3 фарзанд туғилган. Аммо бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Уларнинг 3 фарзанди борлиги ҳақидаги тахминлар - унинг ижтимоий ҳаётдан бир муддат йўқолиши ва яна қайтиши ҳолатларига асосланади. Бу оиладаги туғилишлар ҳақида ҳеч қачон расмий маълумот берилмаган.

Айрим манбаларга кўра, у дастлаб 2010 йилда ўғил кўрган. 2012 йилда Ли Соль Чжу яна ҳомиладорлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган. 2013 йил мартида эса америкалик собиқ баскетболчи, Ким Чен Иннинг дўсти Деннис Родман президент хонадонида меҳмон бўлгани ва унинг қизчасини кўтариб кўргани ҳақида гапиради.

Родман бу қизчанинг исми Чжу Э экани ҳақида ҳам маълумот берган. Бошқа болаларнинг исмлари маълум эмас.

Жанубий Корея разведкаси хабар беришича, Ли Сол Чжу 2017 йилнинг февралида учинчи фарзандни дунёга келтирган. Унинг жинси ҳозирча маълум эмас.

Оммага очиқ шахс

Фото: Getty Images

Ли Сол Чжу деярли ҳамиша ўз турмуш ўртоғи Ким Чен Инга ҳамроҳ бўлади. У КХДР раҳбарининг Пекинга биринчи ташрифида ҳам, Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин иштирокидаги саммитда ҳам бор эди.

Унгача бўлган биринчи хонимлар омма олдида кўриниш беришмаган ва ҳамиша соя остида бўлишган.

«Ким Ир Сеннинг рафиқаси ҳақида фақат унинг ўлимидан кейин билишган, узоқ вақтгача доҳийнинг иккинчи рафиқаси ҳақида ҳеч ким гапирмаган», дейди CNN учун интервьюсида Сеулдаги Кунмин университети профессори Андрей Ланьков.

Ҳашамат
Агар биринчи хонимнинг фотосуратларига эътибор бериб қаралса, унинг устида Ғарб брендларини пайқаш мумкин.

Ким Чен Ир учун бир неча йил давомида суши тайёрлаш билан машғул бўлган япониялик ошпаз Кэндзи Фудзимото кўп вақтларини ҳали бола бўлган Ким Чен Ин билан ўтказган. У 2012 йилда Ли Сол Чжу билан учрашганини айтади.

Унинг айтишича, биринчи хонимнинг овози нафис ва жуда ёқимли. Бундан ташқари, у ошпазга Christian Dior сумкасини совға қилган.

Суратлардан кўринишича, Ли Сол Чжу Dior ва Chanel сумкаларини ёқтиради, кузатувчилар ҳам шимолликлар раҳбарининг рафиқаси Red Valentino, Dior, Tiffany ва Movado брендларини афзал кўришини айтишади.

У ҳашаматни ёқтиради, у Шимолий Кореянинг бошқа фуқароларидан фарқли равишда унинг истагани муҳайё бўлади. У омма қаршисида Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг тасвирлари туширилган значокларни тақмасдан пайдо бўлиши мумкин.

Бунинг ўрнига у қимматбаҳо тўғнағич қадаб олади.

Мавзуга оид