Жаҳон | 23:01 / 10.01.2019
53410
2 дақиқада ўқилади

Ерга тушган астероид 1,5 кмлик улкан цунами келтириб чиқаргани маълум қилинди

Фото: pixabay

АҚШнинг Мичиган университети олимлари Ерга 66 млн йил аввал 14 километрлик астероид тушиши оқибатида юзага келган улкан цунамини моделлаштиришди.

Олимларнинг фикрича, астероиднинг тушиши динозаврларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган. Само жисмининг Ерга урилиши зарбаси натижасида Юкатан яриморолида диаметри 180 км.лик ва чуқурлиги 17-20 км.лик Чиксулуб кратери ҳосил бўлган.

Тадқиқот муаллифларининг ҳисоб-китобига кўра, фалокат тарихда мисли кўрилмаган, баландлиги 1,5 км.лик цунамининг шаклланишига олиб келган. Айни вақтда фанга маълум энг баланд тўлқинлар 24 метр даражасида қайд қилинган.  

Юзага келган тўлқинлар соатига 143 км тезлик билан сайёрамизни бир неча марта айланиб чиқиб, секин-аста ўз кучини йўқотиб борган.

Астероид тушиши оқибатида цунамидан ташқари, атмосферага катта миқдорда ёнаётган замин ва метеорит бўлаклари отилган, бу эса катта кўламдаги ўрмон ёнғинларига олиб келган. Ёнғин тутунлари сайёрамизни бир неча йилга қуёш нурисиз қолдирган, бу эса кўплаб жонзотларнинг қирилиб кетишига олиб келган.

Мавзуга оид