Жаҳон | 07:24 / 31.10.2025
2765
2 дақиқада ўқилади

NASA 2025 US6 астероиди ҳақидаги маълумотларга киришни чеклади. Сабаб нима?

Москва устида сирли болид намоён бўлганидан кўп ўтмай, NASA очиқ базаларидан 2025 US6 астероидига оид маълумотларни олиб ташлади. Бу ҳақда хабар берган ИКИ РАН Қуёш астрономияси лабораторияси икки ҳодиса ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: NASA

Мутахассислар баҳосига кўра, айнан шу диаметри икки метрча бўлган астероид Ерга жуда яқин — 150 минг километр масофадан (Ойгача бўлган масофанинг ярмидан кам) ўтиши керак эди.

Ҳозирда ушбу жисм ҳақидаги маълумотларни кўриш мақсадида NASA’нинг Лаборатория реактив ҳаракати (JPL) базавий каталогига ҳам, Европа космик агентлиги (ESA)нинг нусхаларига ҳам кириш имконсиз. Каталогдаги маълумотларни ёпиш сабаблари, шунингдек бундай амалиёт қай даражада кенг тарқалгани ҳозирча номаълум, деб таъкидлади ИКИ РАН Қуёш астрономияси лабораторияси мутахассислари.

Шунингдек, NASA каталогига 2025 US6 индекси остида астероид эмас, балки Хитойнинг DRO-B космик аппарати киритилган бўлиши ҳам мумкин. Уни 2024 йили Ой атрофидаги орбитага чиқариш уриниши муваффақиятсиз тугаган, шундан сўнг йўлдош ноаниқ траекторияга тушиб қолган эди. Жорий йил март ойида ушбу аппарат Ер атрофидаги ретроград орбитага — яъни шарқдан ғарбга йўналган ҳаракатга — ўтказилган, бу эса Москва вилояти осмонида кузатилган болид ҳаракати йўналишига мос келади.

Агар жисмнинг сунъий табиати тасдиқланса, маълум эҳтимол билан гап айнан шу аппарат ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда йўлдошнинг орбитадан сунъий тарзда туширилган бўлиши эҳтимоли ҳам катта.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид