Ёрдам ўрнига халақит беришмоқда. Ташналикда қолган пискентликлар
Ислоҳотлар кўп меҳнат ва машаққатни талаб этади. Ижтимоий масалалар эса бу ишнинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади, деганди мамлакатимизга келган Жаҳон банки вакили. Бундай оғриқли ижтимоий масалалардан бири ичимлик сувидир.
Навбатдаги мурожаат сабаб ижодий гуруҳимиз билан Тошкент вилоят Пискент туманига отландик. Мурожаатчилар бу сафар «Анор» боғдорчилик узумчилик ширкати аъзолари ва раҳбарлари эди. Ширкат ҳудудида бир гуруҳ шикоятчилар ва уларнинг адвокати билан учрашдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Ҳозирги кунда кўплаб қишлоқлар президентнинг «Обод қишлоқ» дастурига биноан обод қилиниб келинмоқда. Биз эса ўз ҳудудларимизни ўзимизнинг кучимиз билан кўркамлаштириш ниятида ичимлик сувини ҳал қилмоқчи эдик. Шу масалада ичимлик суви чиқариш масаласи бўйича йиғилиш ўтказдик. Ушбу йиғилишда Жамиятнинг 80дан ортиқ аъзолари иштирок этишди. Бир овоздан қарор қабул қилинди. Жамиятимиз ҳудудида собиқ иттифоқ даврида қурилган металл қувурларни кесиб олиб, уларни сотиб, эвазига 128 миллион сўм электр энергияси қарздорлигини қопламоқчи бўлдик. Қолган маблағлар ҳисобига ичимлик суви тўплаш минораси ўрнатиб, пластмасса қувурлар орқали ҳар бир кўчага сув олиб киришга қарор қилдик. Шу йилнинг 18 октябрь куни ишлар бошлаб юборилди, сув тўплаш минораси олиб келиб ўрнатилди, қувурлар кўмиш учун чуқурлар кавланди. Аммо, 20 октябрь куни Олмалиқ шаҳар ИИБдан тезкор вакил келиб, бирор қарорсиз ва баённома расмийлаштирмасдан, жамиятимиз мулки ортилган автомашинани шаҳар ИИБга олиб кетди. Бу ҳолатга эътироз билдирсакда, эътирозларимиз эшитилмади, инобатга олинмади. Бизга ўхшаш бошқа ширкатлар шундай қурилишларни қилишмоқда. Нега биз буни ўзимизнинг ҳисобимиздан қиламиз», дейди ширкат раҳбари Тоҳир Ирисбаев.
Аҳолининг бошқа вакиллари билан суҳбат қурганимизда улар кўплаб эътирозлар билдиришди.
«ИИБ ходими ҳеч қандай ҳужжатсиз келиб ширкатнинг мулкини олиб кетаверадими? Ниятимиз шу ерларни обод қилиш бўлса, бунинг давлатга қандай зарари тегяпти?», дейди улар.
«Ҳудудимиздаги трубалар 1986 йилда ўрнатилган. Насос ишлатайлик десак, бошқа маҳаллалар сувсиз қолади. Ўғирлик деб трубаларимизни олиб кетишди. Қандай қилиб? Ахир, бизнинг балансдаги мулк-ку? Ҳукуматни кутсангиз, навбатимизни кутиш керак. Сувсиз ҳолда. Сувни узоқ жойлардаги заправкалардан олиб келардик. Ҳозир улар ҳам бермай қўйган. Ўзимиз қиламиз десак, йўл бермаса. Ноқонуний иш қилаётган бўлсак, йўл-йўриғини кўрсатишсин. Қонуний қилайлик. Ўзимизнинг ҳисобимиздан, бировга оғирлигимиз тушмасдан. Ўзимизда шароит бўла туриб, бошқа жойлардан сув олиб келамиз. Дарахт эксак, қуриб кетяпти. Бу дарахтларни ҳам пулга сотиб олган эдик. Шу жойларимиз обод бўлсин деб. Тирикчилик мақсадида мол-қўй сотиб ололмасак. Масалан, менда йўқ. Томорқага экин эколмаймиз. Рўзғор учун озгина сабзавот олай деб бозорга борамиз. Бозор ҳам узоқ. Яна ҳам халқ сабр қиляпти», дейди ёши улуғ мурожаатчи Инобат Дўстова.
Мурожаатчиларнинг арз-додларини тинглаган ҳолда ҳудудни кўриб чиқдик. Бизни кўрган жон борки, умид илинжида ўз дардини айтади. Ҳудудга кимдир келиб нима бўлганини сўраб қолса, обдон бошидан тушунтириб бераверишади. Биз ҳам уларни тингладик. Шундан сўнг, Олмалиқ туман ИИБ биносига равона бўлдик.
Туман бўлимининг навбатчи ходими, ўзини «навбатчи Тўраев» дея таништирган ички ишлар майор ҳолатдан хабари борлигини айтди ва шу иш билан шуғулланаётган терговчи, ИИБ ходими майор Шуҳрат Дўстов билан боғлаб берди. Ушбу ходим суҳбат давомида бу сув қувурлари ширкатнинг мулки бўлганини тан олди. Унинг айтишича, ҳозир бу иш прокуратура назоратига олинган.
Майор билан суҳбат вақтида мурожаатчининг адвокати эътироз билдирди.
«Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 329-моддаси талабига кўра, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол текшириш зарурати бўлган ҳолларда ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал этилиши лозим. Алоҳида ҳолларда асослантирилган қарорга кўра, прокурор томонидан бир ойга узайтирилиши мумкин. 2018 йил 20 октябрда бошланган терговга қадар текширув Олмалиқ шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан орадан 2 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам якунланмаган ёки қонуний қарор қабул қилинмаган. Фуқароларга қайтарилиши лозим бўлган қувурлар қайтарилмай, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликлари бузиб келинмоқда», деди адвокат.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига бировнинг мулкини ўғриликда гумон қилиб, тортиб олиш шунчалик осонми? Тортиб олгандан сўнг, мулкни уларнинг балансида турганини билиб ҳам қайтармай, аҳолини сувсиз қолдириш мумкинми? Бу ишлар қонуний ёки ноқонуний қилингани ҳақида хулоса чиқаришга бизнинг ваколатимиз йўқ. Бироқ, ўз кучи билан сув чиқармоқчи бўлган аҳолига тўсиқ эмас, кўмак бўлиш мақсадга мувофиқдир.
Мавзуга оид
08:48
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024
Қишлоқ хўжалигида сув олиш лимити халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади
13:30 / 25.10.2024