Ўзбекистон | 11:23 / 16.01.2019
5958
6 дақиқада ўқилади

Хоразм вилояти Хива тумани комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “ 2019-2020 йилларда Хоразм вилояти Хива туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, келгусида, Хива тумани марказининг чегара ҳудудлари, жумладан автомобиль йўллари, табиий газ, ичимлик суви, электр энергия таъминоти, канализация, алоқа тармоқларини модернизация қилиш, шунингдек истироҳат боғи, кўп қаватли бино ва иншоотларнинг жойлашувини белгилаш ҳамда туман ҳокимлигига ажратилган бинони реконструкция қилиш ва бошқа зарур бинолар қурилиши учун талаб этиладиган молиявий маблағлар ҳисоб-китоби бўйича манзилли таклифлар қабул қилинган.

Хоразм вилояти бўйсунувидаги Хива туманининг янги марказини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланиши мумкин.

Республика комиссияси (Раматов), Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Қўчқоров), Хоразм вилояти ҳокимлиги (Эрманов)ларга Хива туманининг маркази қилиб Шомохулум ҳудудидан жами 162,0 гектар ер майдони чегараларини белгилаб, ажратиб, Бош режасини ишлаб чиқиш топширилади.

Марказга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг биноларини, дам олиш маскани ва истироҳат боғи, амфитеатр, тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш ва уларни молиялаштириш тасдиқланади.

Хива туманини 2019-2020 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади:

саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестиция лойиҳаларининг йиғма жадвали ва манзилли рўйхати;

таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари ҳамда бошқа йўналишдаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар;

йўл транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимларини модернизация қилиш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар;

ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, Дастур доирасида:

ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари марказлашган манбалар;

сервис ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари тегишлигига кўра буюртмачилар ва объект эгаларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари;

ичимлик суви, оқава сув тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш, шунингдек ҳудудларнинг суғориш тизимларини яхшилаш ва ер ости сувлари сатҳини пасайтириш ишлари Орол бўйи жамғармаси маблағлари;

автомобиль йўлларини (маҳаллий ва ички) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш (пиёдалар йўлаклари ва велосипедлар учун махсус йўлакларни қуриш ишларини кўзда тутган ҳолда) ишларини Республика йўл жамғармаси маблағлари;

электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва кўчириш ишларини бажариш тегишлигига кўра “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбектелеком” АКнинг ўз маблағлари;

йўл-қурилиш таъмирлаш ишларини бажариш натижасида бузилишга тушадиган турар ва нотурар жойларга компенсация тўловлари Ўзбекистон Республикаси автомобил йўллари давлат қўмитаси томонидан Республика йўл жамғармаси маблағлари;

Хива туман марказини ташкил қилинишида давлат эҳтиёжлари учун йўл чегараларидан ташқарида жойлашган ҳудудда бузиладиган турар жойлар учун бошқа жойдан ер ўрни ажратилади.

Шунингдек, мазкур ишларни амалга ошириш учун қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаларни ҳам жалб этиш мумкин.

Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев) туман ҳокимлигига ажратилган бинони реконструкция қилиш, дам олиш маскани ва истироҳат боғи, амфитеатр қурилиши юзасидан замонавий типдаги иқлимга мос ҳолатда батафсил режалаштирилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан назорат ўрнатади.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ (Ашрафхонов) Хива туман маркази жойлашган ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 5 июлдаги “Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 193-сонли қарорига тушганлигини инобатга олиб, ҳудудни табиий газ билан таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси (Ҳайдаров), “Ўзозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси (Жалилов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Хоразм вилоят ҳокимлиги (Ф.Эрманов) билан биргаликда Хива тумани аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини изчил оширишни таъминлаш мақсадида тўқимачилик тикув-трикотаж, гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишидаги корхоналарини ташкил қилади.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги (Юсупов), “Ўзшаробсаноат” АЖ (Мустафоев), Хоразм вилоят ҳокимлиги (Ф.Эрманов) сув танқислиги мавжуд ҳудудларда томчилаб суғориш технологияси асосида интенсив ярим пакана боғ, узумзорлар яратиш бўйича боғдорчилик кластерларини ташкил қилади.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги (Юсупов), “Паррандасаноат” уюшмаси (Абдураззоқов), Хоразм вилоят ҳокимлиги (Ф.Эрманов) билан биргаликда туманнинг Қорақум барханлари атрофларида жойлашган ҳудудлардаги экин майдонларидан чорвачилик, паррандачилик соҳалари билан шуғулланувчи тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган чорвачилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилади.

Республика комиссияси (Раматов), Ташқи ишлар вазирлиги (Неъматов), Хоразм вилояти ҳокимлиги (Эрманов) тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Хива туманининг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиққан ҳолда мавжуд табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида табиий ва сунъий кўллар жойлашган ҳудудларда хориж тажрибасидан фойдаланган ҳолда балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерини ташкил қилади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси (Абдуллаев) Хива тумани марказ чегараларини белгилаш муносабати билан белгиланган тартибда ер ҳисоботларига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У.Эрманов зиммасига юклатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид