Ўзбекистон | 23:23 / 18.01.2019
127605
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи маълум қилинди 

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасида Ўзбекистонликлар 2018 йилда олган ўртача иш ҳақи миқдори маълум қилинди.  

Қўмита маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон бўйича ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 822,2 минг сўмни (жумладан, иш ҳақига устамалар, мукофот пуллари, рағбатлантирувчи тўловлар, компенсация тўловлари ва ишланмаган вақт учун тўловлар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмалари жамғармаларига бадаллар) ташкил қилган ва 2017 йилга нисбатан 25 фоиз кўпроқни ташкил қилган.

2018 йилда 2017 йилга нисбатан иқтисодий фаолият турлари бўйича иш ҳақи энг кўп миқдорда ахборот ва алоқа соҳасида (33,8 фоиз), саноатда (30,6 фоиз), банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолиятида (29,9 фоиз) ва қурилишда (29,2 фоиз) ошган.

Ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи ҳудудлар кесимида кўриладиган бўлса, энг юқори даража Тошкент шаҳрида - 2570,4 минг сўм (республика бўйича ўртача кўрсаткичнинг 141,1 фоизини ташкил қилади), Навоий вилоятида - 2371,0 минг сўм (130,1 фоиз) ва Тошкент вилоятида - 2063,1 минг сўм (113,2 фоиз), энг паст кўрсаткич Самарқанд вилоятида – 1431,3 минг сўм (78,5 фоиз) ва Наманган вилоятида - 1434,5 минг сўм (78,7  фоиз) кузатилмоқда.

Мавзуга оид