Light | 17:59 / 18.01.2019
63709
4 дақиқада ўқилади

Сайёрамизнинг шимолий масжиди. Унинг Ўзбекистонга қандай алоқаси бор?

Россиянинг шимолий ва маданий пойтахти –​ Санкт-Петербургнинг Кронверк проспектида, Приморский метро бекати яқинида мовий гумбазлари ва миноралари кўкка қадалган шарқона меъморий обидани кўрган ҳар бир ўзбекистонлик меҳмон беихтиёр ҳайратга тушади. Самарқанд-у, Бухородаги сингари тарихий обидаларни ёдга солувчи бу иншоот қачон ва нима мақсадда қурилган? Уни ким қурган? Нега у айнан бизнинг қадим шаҳарларимиздаги иморатларни ёдга солади?

Фото: LiveJournal

Бу ўхшашлик бежиз эмас

Бу шарқона услубдаги гўзал бино 2008 йилгача Санкт-Петербургдаги ягона,дунёнинг энг шимолий нуқтадаги масжиди, деб қаралган. Унинг мовий гумбази ва миноралари Нева дарёси соҳилидан ҳам бемалол кўриниб туради. Янада ҳайратланарлиси, бу гумбаз Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг гумбази билан деярли бир хил. Бу ўхшашлик ҳам бежиз эмас, деб ёзади Рустам Жабборов «Даракчи» газетасида эълон қилинган мақоласида.​

Маълумки, XIX асрнинг охирларига келиб, шаҳарда мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис Санкт-Петербург мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ шаҳардаги айрим маҳаллий амалдорлар бу ишга жиддий қаршилик кўрсатишади. Зарур маблағ тезликда йиғилавермайди Тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди.

Фото: Getty Images

Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқалар ўрнатишга уриниб келган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (1859-1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. Шу тариқа мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилнинг 26 ноябрида оламдан ўтади.

Бироқ масжид қурилиши тўхтамайди. 1913 йилнинг 22 февралида масжид тантанали очилади. Унда отасининг ўрнига тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан бирга Хива хони Асфандиёрхон ҳам иштирок этган. Қизиғи шундаки, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашишган экан.

Фото: LiveJournal

«Мен бу шаҳарни кўрганим йўқ»​

Масжид ўзининг бир асрдан кўпроқ тарихи давомида кўплаб нохуш воқеаларни бошдан кечирди. Совет даврининг даҳриёна сиёсати ҳукм сурган йилларда шаҳар ижроия ҳокимияти қарори билан масжид ёпиб қўйилади.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Индонезия Президенти доктор Аҳмад Сукарно Санкт-Петербургга қилган ташрифи асносида яқин атрофдаги йўлдан кетаётиб, масжид гумбази ва минораларини кўриб қолади. 

«Бу ерда масжид кўрдим, мени ўша ерга олиб боринглар»​, – ​деб илтимос қилади. Аммо совет расмийлари олий мартабали меҳмонни бу қутлуғ даргоҳга олиб боришмайди. Бундан ранжиган меҳмон фақат энг зарур учрашувларнигина ўтказиб, дарҳол Москвага қайтади. «Сизга Ленинград ёқдими?», –​ деб сўрашганида, «Мен бу шаҳарни кўрганим йўқ», –​дея мужмал жавоб қайтариб, ватанига қайтиб кетган.

Фото: LiveJournal

Шаҳар мусулмонларининг қайта-қайта мурожаатларидан сўнг 1974 йилда масжид уларга қайтариб берилади. Жомеъ масжиди ўтган давр мобайнида бир неча бор таъмирланади. Бугунги кунда бу иншоот Санкт-Петербургнинг ноёб тарихий обидаларидан бири сифатида давлат ҳимоясига олинган.

Мавзуга оид