Россия ўтган йилнинг декабрида PL-19 Nudol сунъий йўлдошларга қарши тизимини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб CNBC хабар берди.
Телеканал суҳбатдошининг айтишича, 23 декабрь куни ўтказилган сунъий йўлдошларга қарши тизим синови еттинчиси бўлган. Қайд этилишича, 2018 йилда PL-19 Nudol икки марта синовдан ўтказилган. Манба ракета уч минг километр масофани 17 дақиқа ичида босиб ўтгани ва нишонга аниқ текканини айтган.
Иккинчи суҳбатдош эса ракеталардан Ернинг қуйи орбитасидаги алоқа сунъий йўлдошларига қарши фойдаланиш режалаштирилаётганини маълум қилган.
Аввалроқ АҚШ Россия 2015 йилдан буён кемаларга қарши гипертовушли қанотли «Циркон» ракетасини беш марта муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилганди.