Спорт | 11:40 / 20.01.2019
60263
10 дақиқада ўқилади

Мутахассислар фикри. Гуруҳ босқичидан хулосалар ва Австралияга қарши ўйин арафасидаги тахминлар

Фотошоп

Ўзбекистон терма жамоаси душанба куни Осиё Кубогининг нимчорак финалида Австралияга қарши майдонга тушади. Ваҳоланки, жамоа гуруҳ босқичининг сўнгги турида Япония билан дуранг қайд этганида ҳам плей-оффда қитъанинг амалдаги чемпиони эмас, балки Ўзбекистон учун анча қулай рақиб – Саудия Арабистонига дуч келган бўларди. Миллий терма жамоа терма ўз тарихида Австралия билан уч маротаба ўйнаб, уларнинг барчасида мағлубиятга учраган; боз устига, ушбу рақиб дарвозасини бирор марта ишғол эта олмаган.

Хўш, ана шундай кучли ва ноқулай рақибга қарши ўйиндан олдинги учта баҳсда Эктор Купер мураббийлигидаги жамоа қандай таассурот қолдирди? Плей-оффнинг илк раундидаёқ Австралияга дуч келиш Ўзбекистон термасининг кейинги босқичга чиқиш имкониятини кескин пасайтириб юбордими? Шундоқ ҳам жисмонан устунликка эга рақибнинг икки кун кўпроқ дам олиши ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкинми? Kun.uz Осиё Кубогида ортда қолган гуруҳ босқичини бевосита БААда кузатиб борган бир қатор спорт журналистларига шу каби саволлар билан мурожаат қилди.

Mover

YouTube

«Uzreport TV» телеканали спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финалда Саудия Арабистони эмас, Австралия термасига тўқнаш келаётганини ижобий ҳолат сифатида баҳолади.

«Фикримча, Австралия биз учун яхшироқ рақиб. Японияга ютқизганимиз яхши бўлмади, лекин яхши рақиб деганда нимани назарда тутяпман? Биз араб футболидан кўп азият чекканмиз. Араб жамоаларига қарши ўйнаш мураккаброқ, улар ғалаба учун ҳамма чораларни кўришади. Менимча, Австралия бу турнирга ҳамма нарсани ўртага ташлаб, биз ғолиб чиқишимиз шарт, деган ният билан келмаган. Шунчаки, кучли жамоа ва яхши натижалар қайд этяпти. Бу жамоага қарши яхши, чиройли ўйин кўрсатса бўлади. Ҳатто ютқазса ҳам, чиройли ўйнаб турнирдан чиқиб кетса бўлади. Араб жамоаларига қарши учрашувларда эса кўпинча шундай бўлади, ютқазганимизда алам билан чиқиб кетамиз: «Нега шундай қилишади? Нега бундай симуляциялар бўлади? Нега вақт чўзишади?..» Тўғри, булар охирги пайтларда камайди, лекин барибир шунга нисбатан хавотир қолган», – дея фикр билдирди Даврон Файзиев

«Австралия эса унақа эмас. Худди бизга ўхшаган жамоа. Яъни кўпинча содда футбол ўйнайдиган ва индивидуал маҳорат эвазига натижага эришадиган жамоа. Шунинг учун плей-оффда Ўзбекистон-Австралия – марказий жуфтлик. Нимаси билан? Ўйин услуби билан. Таркибидаги техникали футболчилари билан. Тўғри, бизда Европада ўйнайдиган футболчилар кўп эмас, Австралияда кўп. Лекин бизда яхши дриблингга эга, олдинги чизиғимизда яхши комбинацион футбол кўрсатадиган 2-3 нафар техникали футболчимиз бор. Шунинг эвазига, менинг фикримча, қизиқарли жуфтлик юзага келди», – дея таъкидлади шарҳловчи.

«Шахсан менда Австралияни юта олишимизга ишонч бор. Ҳаммасини ўйин кўрсатади», – дея хулоса қилди Файзиев.

Tribuna.uz сайти журналисти Қаҳрамон Асланов нимчорак финалда Австралия Ўзбекистон учун араб жамоаларидан кўра қулайроқ экани тўғрисидаги фикрини қуйидагича асослади.

«Қатар ёки Саудия Арабистони биз учун қулайроқ рақиб бўлиб кўринган эди. Лекин асосий муаммомиз ҳимоя чизиғи экани, тўпсиз ҳаракатланиш ва зоналарни ёпишда қийинчиликка учрашимиздан келиб чиқиб, ҳозирги босқичимизда араб жамоаларидан кўра Австралия қулайроқ. Араб жамоалари дриблинг ишлатишади, кутилмаган ва чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишади, қисқа масофаларда комбинациялар уюштиришади. Бунақанги услубдаги жамоаларга қарши ҳали шаклланмаган ҳимоя жуда қийналади.

Менимча, Австралия жисмоний ва тезлик томондан, стандарт вазиятларда кучли. Лекин бизга яқин услубда, вертикал тушунарли футбол ўйнайди: қанотдан жарима майдонига ошириб... Бунақа пайтда Анзурнинг тажрибаси қўл келади; Кримец ё Тўхтахўжаев, ёки қанот футболчиларига ҳимояланаётган вақтда рақибнинг нима ўйлаётгани, нима қилмоқчи эканини тушуниб олиш осонроқ бўлади. Араб жамоалари эса жуда ностандарт ҳужумлар уюштиришади, бу эса ҳали шаклланиб, ўзаро боғламларда ҳақиқий бетон кўринишига келиб олмаган ҳимоя учун ноқулай, деб ўйлайман. Шунинг учун Уммон билан ўйинда ҳам қийналдик. Ўйлайманки, араблар билан ҳам қийин бўлган бўларди», – дейди Асланов.

«Австралия футболчилари билан бизнинг футболчилар ёшликдан машғулотлари, уларга ўргатиладиган кўникмалар жиҳатдан бир-бирига ўхшаб кетади, деярли бир хил мактаб. Шунинг учун, уларнинг фикрини ўқиш, ниманинг ҳисобига ҳужум қилиб, гол уришга ҳаракат қилаётганини тушуниш осон. Араб футболи бирмунча фарқ қилади. Улар кўпроқ завқ учун ўйнашади. Тўп билан чиройли ўйнашга ҳаракат қилишгани учун уларга қарши ўйнашимиз қийинроқ. Мисол учун, Япония билан ўйиннинг охирги 15 дақиқасини олсак. Биз тўп билан яхши муомала қилдик, ҳужумлар уюштирдик. Нимага? Чунки Япония ҳам ўйинга прагматик ёндашди. Керак бўлганда тўпсиз ўйнаб, хатосиз ўйнашга ҳаракат қилишди. Мана шундай босим камайган пайтда футболчиларимиз тўпни назорат қилиши ҳам, ҳужумда вазиятлар яратиши ҳам мумкин. Араблар тўпсиз ҳеч қачон ўйнай олмаган. Биз эса уларни тўпсиз қолдирадиган даражада ҳали шаклланиб улгурмаганмиз. Демак, араблар тўпсиз ўйнашни хоҳламагандан кейин, тўпни олишга ҳаракат қилишади, босим уюштиришади. Тўпни назорат қилишганида эса ўз-ўзидан биз учун хавфли бўлиб қолишади. Япония билан ўйинга қайтадиган бўлсак, японларни тўп назорати бўйича ортда қолдирдик. Биринчи бўлимдан кейин 52/48 эди, иккинчи бўлимда яна ҳам ошди (ўйиннинг умумий статистикасига кўра, тўп назорати Ўзбекистон фойдасига 57/43 бўлган – Kun.uz). Мана шундай, рақиб ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ўзимизнинг футболимизга ўхшаган, тартибли, прагматик ўйин кўрсатганда уларни тўхтатишимиз осонроқ бўлади. Арабларнинг тартибсиз, лекин чиройли, дриблинглар, комбинацияларга асосланган ўйинига қарши қийналиб қолишимиз мумкин», – деб тушунтирди Tribuna.uz журналисти.

«Қатарга қарши ўйинда қийинчиликка учрагандан кўра, Австралия, Япония каби жамоалар билан ўйнасак, ютқазган тақдиримизда ҳам – ҳаммаси шу билан тўхтамайди. Чунки таркибимизда ёш футболчилар бор, олдинда эса Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари. Бу мусобақа тажриба, ўзига ишонч, мураббий билан футболчилар ўртасидаги муносабатни кейинги босқичга олиб чиқувчи турнир деб қарасак, бу жиҳатдан ҳам Австралия билан ўйнаганимиз яхши. Агар натижа кўрсатадиган бўлсак, албатта, тарихда биринчи марта Австралиядан очко олсак ёки улардан ўтадиган бўлсак, бу катта байрам бўлиб кетади, деб ўйлайман», – дея қўшимча қилди Қаҳрамон Асланов.

Kun.uz журналисти Шуҳрат Шокиржонов Ўзбекистоннинг нимчорак финал учрашувига анча хотиржам ва ишонч билан ёндашаётганини таъкидлади. Австралиянинг жорий Осиё Кубогида қайд этаётган натижаларига термадаги авлодлар алмашинувини сабаб сифатида келтириб ўтди.

«Иордания Австралияни мағлуб этди. Сурия билан ўйинда зўрға, қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба тўпи киритилди. Менимча, ўйнаса бўлади. Иордания ва Суриядан кўра биз савиялироқ жамоа ҳисобланамиз барибир.

Австралияда авлодлар алмашинуви бироз оғир кечяпти. Бизда эса аксинча, таркибимизда Осиё чемпиони бўлган ёшлар бор, кўпроқ ўшаларга таяниляпти. Ёши каттароқ тажрибали футболчиларимиз бор. Менимча, Австралия билан бемалол ақлли ўйин кўрсатиб, енгишни уддаласак керак. Рақибнинг биздан кўра икки кун кўпроқ дам олгани аҳамиятсиз», – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашди Шуҳрат Шокиржонов.

«Спорт» телеканали журналисти Бобур Акмаловнинг фикрича, Ўзбекистон терма жамоаси анча бақувват футболчилардан иборат Австралия термасидан жисмоний томондан устун кела олмайди ва шу боис асосий эътиборни техникага қаратиш зарур.

«Жисмоний жиҳатдан биз бу жамоага бой берамиз. Азалдан австралияликлар бўйдор, гавдали ва 90 дақиқа босимга чидаб бера олади. Бизда эса аралаш: жуссаси кичик йигитларимиз ҳам бор; тезроқ чарчаб қоладигани ҳам, охиригача борадигани ҳам бор. Шунинг учун тўпни ерда ушлаб ўйнашга ҳаракат қилиш лозим.

Абрамовча футболни ҳаммамиз эслаймиз. Тўғри, айнан шу футбол туфайли Австралияга 0:6 ҳисобида ютқазганмиз, лекин у бошқа авлод эди. Австралияда ҳам, менимча, энг гуллаган авлоди эди. Ҳозир Австралияда бироз пасайиш, буни бизга Иордания кўрсатиб берди. Техникага таяниб, паслар билан ўйнасак, биз Австралияни нисбатан бироз устунликка эга бўлишимиз мумкин, аммо асло жисмоний жиҳатдан эмас. Кросс югуришлар, майдоннинг ҳар қарич ерида тўп учун курашиш, гавда билан кураш борасида биз устун эмасмиз. Шунинг учун техникага таянганимиз маъқул», – дейди Акмалов.

Журналистларнинг тўлиқ фикрлари билан Kun.uz`нинг YouTube ва Mover`даги каналларида батафсил танишишингиз мумкин. Эслатиб ўтамиз, Австралия–Ўзбекистон учрашуви эртага, 21 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади.

Мавзуга оид