Ўзбекистон | 12:43 / 21.01.2019
11521
3 дақиқада ўқилади

«Термиз» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Термиз” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

• “Термиз” ЭИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

• “Термиз” ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш;

• Сурхондарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларга асосан “Термиз” ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

• инвесторлар билан инвестициялар киритиш тўгрисида битимлар тузиш;

• “Термиз” ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидириш ва улар билан ишлаш;

• белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга такдим этиш;

• “Термиз” ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;

• “Термиз” ЭИЗ ҳудудида инфратузилма объектларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш жараёнларини мувофиқлаштириш;

• “Термиз” ЭИЗ ҳудудидаги ер майдонларини ва кўчмас мулк объектларини бошқариш.

Ҳужжат билан “Surkhan Global Trade” МЧЖ Дирекциянинг ягона таъсисчиси ҳисобланиши ҳамда “Термиз” ЭИЗ ҳудудида тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши белгилаб қўйилди.

Ўз бинолари қурилгунга қадар Дирекция Сурхондарё вилояти Термиз туман ҳокимлигининг биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи билан хизмат хоналари билан таъминланади. 

Мавзуга оид