Ўзбекистон | 15:24 / 22.01.2019
14616
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда савдо тушумларини аниқлаш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш, соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйиш мақсадида кенг қамровли мониторинг ўтказилмоқда.

Жумладан, пойтахтнинг «Ўрикзор», «Чилонзор буюм бозори», «Қатортол» савдо комплекси ва «Чорсу» бозорларида ўтказилган мониторинг жараёнида 127 ҳолатда тўлов терминалларидан фойдаланмаслик, 104 ҳолатда назорат касса машиналарини ишлатмаслик, 77 ҳолатда ҳужжатсиз фаолият юритаётганлиги ва 3 ҳолатда истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулотлар сотилаётганлиги аниқланган.

«Ўрикзор» бозорида 13 нафар тадбиркорнинг фаолиятида ўтказилган хронометраж (кўздан кечириш) тадбирида жорий йил январь ойининг ўтган 20 кунида ўртача тушум 14,6 млн. сўмни ташкил этган бўлса, ўрганиш кунида бир кунлик тушум 112,5 млн. сўмни яъни, олдинги кунларга нисбатан қарийб 8 бараварга ошди. Масалан, ушбу ҳудудда савдо фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор О.С. банк кассасига кунига ўртача 551,1 минг сўм савдо пули топшириб келган бўлса, хронометраж кўздан кечириш тадбири ўтказилган куни тушум 8030,3 минг сўмни ташкил этиб, олдинги кунларга нисбатан 15 бараварга ошган.

Тўлов терминали ва назорат касса машиналарини белгиланган тартибда ишлатмаганлик учун Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача, тўлов терминали орқали тўловларни қабул қилишни рад этиш энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида ҳамда Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан, савдодан тушган нақд пул маблағларини банк кассаларига топширмаслик, яширилган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима ҳамда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, деб баҳоланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид