Спорт | 11:40 / 23.01.2019
16738
3 дақиқада ўқилади

Азиз Турғунбоев «Навбаҳор»дами ёки «Пахтакор»да?

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби уч нафар янги футболчини ПФЛ рўйхатидан ўтказди. 

ПФЛ сайти хабарига кўра, улар – Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев ва Азиз Турғунбоев. «Пахтакор» расмийлари ҳар учала футболчи билан тузилган шартномаларни тақдим қилган. ПФЛ тез орада уларнинг рўйхатини Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиши учун ОФКга жўнатади.

Шу ўринда, ўтган мавсумда «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган Азиз Турғунбоев билан боғлиқ вазият эътиборга лойиқ. 

1 январь куни «Пахтакор» футболчи билан 2 йиллик шартнома имзолаганини расман эълон қилган эди.

Бироқ, орадан бир неча соат ўтгач, «Навбаҳор» клуби Турғунбоевнинг 2020 йилгача мўлжалланган шартномаси борлигини ва у ҳеч қаерга кетмагани ҳақидаги хабарни тарқатди. Кейинроқ футболчининг ўзи вазиятга изоҳ бериб: «Якуний қарорим - «Навбаҳор»да қолиб, чемпионлик маррасини забт этиш. Мана шундай шароитларни яратиб бераётган раҳбарлар ва мухлислар учун жамоада қолишга қарор қилдим», - деган эди. Бу сўзлар «Навбаҳор»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тарқатилди.

ПФЛ хабарига кўра, Азиз Турғунбоевнинг «Пахтакор» футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиш жараёнида, клуб томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилган ва ҳозирча унинг «Пахтакор» сафида ўйнашига тўсқинлик қилувчи жиҳат топилмаган. Яъни, Турғунбоев «Пахтакор» билан шартнома имзолаган.

«Навбаҳор» клуби эса бундай шартномани рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилмади. Агар Азиз Турғунбоевнинг «Навбаҳор»дан «Пахтакор»га ўтишида қандайдир қоида бузилиши аниқланса, унда қоида бузган тараф (футболчи ёки икки клубдан бири) албатта жазоланади, дейилади ПФЛ хабарида. 

Kun.uz манбасининг маълумот беришича, айни пайтда «Пахтакор» уни Дубайга, ўқув-машғулот йиғинига чорлаётган бўлса, «Навбаҳор» Қримга ўз йиғинига чақирмоқда. Демак, катта эҳтимол билан футболчининг наманганликлар билан имзолаган амалдаги шартномаси ҳам бор. 

Хўш, Азиз Турғунбоев «Навбаҳор»дами ёки «Пахтакор»да? Ҳозирча, ПФЛ хабарига «Навбаҳор» клуби ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Мавзуга оид