Ўзбекистон | 12:16 / 23.01.2019
10300
5 дақиқада ўқилади

Кластерлар фаолиятини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи тасдиқланади

Фото: 123RF

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича Ишчи гуруҳи тасдиқланиши мумкин.

Ишчи гуруҳ 2019 йил 1 июнгача кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш ва улар фаолиятини тўғри ташкил этишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини тайёрлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Бунда:

кластер тизимида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш;

кластерлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асослари, уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;

қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида кластер усулини кенг татбиқ этиш чораларини белгилаш;

кластерларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни такомиллаштириш;

пахтачилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда янги кластерларни ташкил этиш назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

кластерларга ажратиладиган пахта экин майдонлари контурларини йириклаштириш орқали ёқилғи мойлаш материаллари ҳамда техника харажатларини қисқартириш;

кластерлар томонидан экин майдонлари унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирларни бажаришда уларга ажратилган, бироқ ғўза жойлаштирилмаган ер майдонларининг режа кўрсаткичларини бошқа пахта хомашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига тақсимлаш юзасидан асосланган таклифларни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда кластерларга ажратиладиган экин майдонларини инвентаризация қилиб, уларга ер майдонларини тўлиқ ажратилишини таъминлайди, заруратга қараб бошқа туташ туманлардан ер ажратиш масаласини ўрганиб, натижалари бўйича таклиф тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари томонидан чет эл линиялари ҳисобидан ишлатилмай қолган валюта маблағларини минерал ўғитлар импорти учун кластерларга вақтинча (хорижий валютада қайтариш шарти билан) ажратиш чораларини кўради.

Бунда хорижий валютадаги кредит маблағларини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан агротехнологик карталар доирасида минерал ўғитлар учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қайтарилиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2019 йил 1 мартгача пахта хомашёсини етиштириш даврида сув билан узлуксиз таъминлаш мақсадида насос станциялари бошқармалари ва сув таъминотчилари ўртасида (аниқ вақти ва электр энергияси сарфини кўрсатган холда) сувни етказиб бериш графикларини тасдиқлайдилар.

Пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича Ишчи гуруҳи таркиби

1.  Б. Юсупов - Қишлоқ хўжалиги вазири, Ишчи гуруҳи раҳбари
2.  Р. Гулямов - Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳи раҳбарининг ўринбосари
3.  Ш. Ҳамраев - Сув хўжалиги вазири
4.  И. Абдурахмонов - Инновацион ривожланиш вазири
5. А. Абдуллаев - “Давергеодезкадастр” қўмитаси раиси
6. М. Нурмуратов - Марказий банк раиси
7.  А. Каримов - Молия вазири ўринбосари
8. Р. Маматқулов - “Агробанк” АТБ раиси
9. И. Хайдаров - “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси
10. С. Холхўжаев - “Ўзагросуғурта ” АЖ раиси
11. С. Рўзиев - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси
12. Ф. Пулатов - “Ўздонмаҳсулот” АК раиси
13. А. Мақсудов - “Ўзпахтасаноат” уюшмаси раиси
14. Т. Жалилов - “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК раиси
15. О. Мустафоев - “Ўзшаробсаноат” АЖ раиси
16. У. Мустафоев - “Ўзбекэнерго” АЖ раиси
17. Ф.Ибрагимов - Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси раиси
18. Я. Абдураззоқов - “Паррандасаноат” уюшмаси раиси
19. О. Мусаев - “Балиқсаноат” уюшмаси раиси
20. лавозими бўйича - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи, Ишчи гуруҳи котиби

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид