16:18 / 28.01.2019
25978

Ўзбекистонда яна бир касб байрамини белгилаш таклифи берилди

Фото: Pinterest

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Энергетика тизими ходимлари куни” касб байрамини белгилаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, республикада кўпчилик касб эгалари йилнинг маълум бир санасида ёки бир ойнинг маълум бир якшанбасида ўз профессионал байрамларини нишонлайдилар. “Тиббиёт ходимлари куни”, “Қурувчилар куни”, “Темирйўлчилар куни” ва ҳоказо. “Устоз ва мураббийлар куни” эса умумхалқ байрами, яъни – қўшимча дам олиш куни сифатида нишонланади. Бу республиканинг тегишли қонунлари билан белгилаб қўйилган. 

“Мамлакатимиз энергетика тизими ходимлари ҳам ўз касб байрамларини 22 декабрь (ёки тизимдаги баъзи корхоналар шу кунга яқин дам олиш кунлари)да нишонлайдилар. Шу муносабат ОАВларда энерготизим корхоналари фаолиятига оид чиқишлар қилинади, тизимда узоқ йиллар фаолият юритган ходимларга “Энергетика фахрийси” унвони ҳам берилади. Аммо бу байрам бирор бир қонун, қарор-фармон ёки бошқа бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланмаган бўлиб, гўёки норасмий тарзда нишонланади”, - деб ёзади петиция муаллифи. 

Билдирилишича, республика раҳбарияти томонидан мамлакат иқтисодий ривожланишини таъминлашда энергетика тизими ходимлари олдига – янги технологияларга асосланган кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали энергетика ишлаб чиқариш қувватларни янгилаш, мавжуд қурилмаларни реконструкция қилиш, юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини ривожлантириш, муқобил энергия турларини ўзлаштириш, атом энергетикасини жорий қилиш каби жуда катта вазифалар қўйилган. 

Соҳага бевосита алоқадор бир нечта тузилмаларнинг битта вазирлик қилиб ташкил этилишининг кўзда тутилганлиги ҳам ушбу мақсад йўлида ўз вақтида қилинган тадбирлардан бири бўлди. Бу вазифаларнинг амалга оширилиши – ўз-ўзидан электр энергиясига тобора ошиб бораётган талабни тўлароқ қондириш, демакки – янада жадалроқ ривожланишимизга олиб келади.

“Энергетика тизимининг ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти етакчи соҳаларидан бири эканлиги, тизимда юқорида кўзда тутилаётган туб ислоҳотлар бўлишини эътиборга олиб, “Энергетика тизими ходимлари куни” касб байрамини ҳам тегишли қонун билан белгилаб қўйишни таклиф қиламан. Тизим ходимларига бериладиган фахрий унвонлар ҳам шу байрам муносабати билан эълон қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълим муассасаларида янги тизимни жорий этиш таклиф қилинганди.

Top