Ўзбекистон | 15:53 / 29.01.2019
7909
2 дақиқада ўқилади

Катта магистрал йўлларда пиёдалар учун йўл ўтказгичлар қуриш таклиф қилинди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида вилоятлараро катта магистрал йўлларда пиёдалар учун ер усти йўл ўтказгичлари (кўприклар) қуриш тўғрисида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республика вилоятлари ва туманларини боғлаб турувчи, минтақа ва республика аҳамиятига эга бўлган йўлларда автоуловлар жуда ҳам серқатнов. Сутканинг ҳар соатида қатновлар деярли узилмайди. Бундай йўлларда транспорт воситалари учун белгиланган ҳаракатланиш тезлиги ҳам шаҳарлар ички йўлларига нисбатан юқори. Йўл ёқасида истиқомат қилувчи аҳоли ушбу йўлларни кесиб ўтишга мажбур, шунингдек йўлларнинг барча қисми ҳам тунги вақтда ёритилмайди ва тунда транспорт воситалари тезлиги ҳам одатда юқори бўлади. 

“Шу сабабли айниқса тунда ушбу йўл ёқасида истиқомат қилувчи аҳоли катта йўллардан пиёдалар йўлакчаси орқали ўтишга ҳам қийналадилар ва ўз жонларини хавф остига қўйиб, йўлларни кесиб ўтадилар. Буни эса катта йўлларда пиёдалар иштирокидаги ЙТҲ сонининг йилдан йилга ошиб бораётганлиги ҳам кўрсатиб турибди”, - дейилади петицияда.

“Шуларни инобатга олган ҳолда вилоятлараро катта йўлларнинг аҳоли серқатнов қисмларида пиёдалар учун (худди Тошкент шаҳридагидек) ер усти йўл ўтказгичлари (кўприклар) қуришни таклиф этаман. Ушбу ғояни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ, йўл ва кўприк қурилиш компаниялари махсус режа дастурларни ишлаб чиқиши ва Давлат бюджети, ҳомийлар ва халқаро молиявий институтлар ҳисобидан лойиҳани молиялаштириш манбаларини аниқлаши зарур. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бундай йўлларнинг пиёдалар кесиб ўтиш йўлакчаларини тунги вақтларда ёритилишини таъминлаш зарур”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги телеканал ташкил қилиш таклиф этилганди.

Мавзуга оид